Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Посбониман муқаддас юртнинг” танлови ғолиблари тақдирланди
18:12 / 2023-01-12

Ёзувчилар уюшмаси томонидан мазкур ижодий ташкилот аъзоси, шоир Зикрилла Неъматнинг “Бобомдан мерос боғлар”, “Бухорони соғинмай бўлмас”, “Оламни англа, болам” китобларининг тақдимоти ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилган “Посбониман муқаддас юртнинг” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, адабиётшунос Адҳамбек Алимбеков ва бошқалар тинчлигимиз, осойишталигимизни асрашда фидойи ҳарбийлармизнинг заҳматли меҳнати мужассам эканини таъкидлади. Айни пайтда ёшлар қалбига ватанпарварлик, юртга садоқат туйғуларини сингдиришда миллий адабиётимизнинг  ўрни беқиёс. 

– Ижодкор ўқувчига манзур бўладиган асар ёзиши учун унинг руҳияти тоза бўлмоғи керак, – деди адабиётшунос олим Адҳамбек Алимбеков. – Зикрилла Неъмат ижодга, адабиётга катта масъулият билан  ёндошадиган, руҳияти тоза ва беғубор ижодкордир. Янги китоблар буни ўқувчига  яна бир бор кўрсатмоқда. 

Зикрилла Неъматнинг ушбу шеърий тўпламида она-Ватан, муҳаббат, меҳр-оқибат, одамийлик, ҳақиқатга интилиш, эл-юртни севиш,  уни асраш мавзусидаги янги шеър-ғазаллари, қасидалари, мухаммас ва туюқлари жамланган. Китобга аждодларимиз жасоратидан ҳикоя қилувчи “Спитамен” достони ҳам киритилган. Тўпламнинг “Таржималар” бобида рус, беларусь, украин ва қозоқ шоирларининг шеърларидан таржималар берилган. “Адабиёт” нашриётида чоп этилган китобга шоир Ғайрат Мажид муҳаррирлик қилган.  

[gallery-10252]

Муаллифнинг “Бухорони соғинмай бўлмас” китоби шариф шаҳар – Бухорога бағишланган бўлиб, унга ижодкорнинг ғазаллари, шеърлари, қасидалари киритилган. Тўплам “Олтин нашр” нашриётида 1000 нусхада чиқарилган. 

Шоирнинг “Оламни англа, болам” китоби ҳам ёш китобхонларга манзур бўлиши шубҳасиз. Унга Ер сайёраси, ой-юлдузлар, жонли табиат ҳақидаги мазмунли шеърлар жам бўлган. Тўпламда она-юртнинг гўзал манзаралари, бебаҳо неъматлари ифода этилган назм намуналари ҳам бор. Мазкур китоб “Муҳаррир” нашриётида 1000 нусхада чоп этилган.  

Тақдимотда Зикрилла Неъматнинг ижодий фаолияти, янги китобларнинг мазмуни ҳақида сўз борди.  

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси профессионал ижодкорлари ўртасида “Посбониман муқаддас юртнинг” шеърлар ва ҳикоялар танлови республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Профессионал ижодкорлар ўртасидаги танловга 27 та шеърий, 16 та насрий асарлар тақдим этилган.  

Жумладан, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси тизимидан учтадан ижодкорнинг шеърлари ва учтадан ҳарбий хизматчининг иншолари топширилган.  

Ғолиблар Ёзувчилар уюшмасининг пул мукофотлари, қимматбаҳо совғалари билан ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан тақдирланди.  

Назокат Усмонова, ЎзА