Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Посбониман муқаддас юртнинг” шиори остида кўрик-танлов бўлиб ўтди
12:00 / 2025-12-29

Шимоли-ғарбий ҳарбий округида ҳарбий хизматчиларнинг фикрлаш қобилиятини юксалтириш, уларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда маънавий-маърифий дунёқарашини бойитиш мақсадида “Посбониман муқаддас юртнинг” шиори остида “Энг яхши шеър”, “Энг яхши ҳикоя” ва “Энг яхши иншо” йўналишлари бўйича кўрик-танлов ташкил этилди.

Мазкур танлов ҳарбий хизматчилар ўртасида бадиий тафаккурни ривожлантириш, она Ватанга бўлган муҳаббат, садоқат ва фидойилик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Тадбирда округ тасарруфидаги ҳарбий қисм ва бўлинмалардан фаол, ижодкор ва ташаббускор ҳарбий хизматчилар иштирок этиб, ўзларининг бадиий ва публицистик ишлари билан қатнашдилар.

Кўрик-танлов давомида тақдим этилган шеър, ҳикоя ва иншоларда юрт тинчлиги, Ватан ҳимоясининг муқаддаслиги, ҳарбий бурчга садоқат, ота-онага ҳурмат, халқимизнинг бой тарихи ва бугунги тараққиёти каби мавзулар кенг ёритилди. Асарларда ҳарбий хизматчиларнинг ички кечинмалари, хизмат жараёнидаги масъулият ҳамда келажакка бўлган ишонч туйғулари ҳам ўзига хос бадиий ифодасини топди.

Танлов ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг ишларида мавзунинг очиб берилиши, бадиий маҳорат, фикрнинг равонлиги, мантиқий изчиллик ва ижодий ёндашув каби мезонлар асосида баҳолаш ишлари олиб борилди. Айниқса, ёш ҳарбий хизматчиларнинг ижодий ишлари мазмунан бойлиги ва самимийлиги билан алоҳида эътиборга сазовор бўлди.

Тадбир доирасида сўзга чиққан масъуллар бугунги кунда Қуролли Кучларда нафақат жисмоний ва жанговар тайёргарлик, балки маънавий-руҳий баркамоллик ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. Ҳарбий хизматчиларнинг ижод билан шуғулланиши уларнинг фикрлаш доирасини кенгайтириб, хизматга бўлган масъулиятини янада ошириши қайд этилди.

Кўрик-танлов якунида ҳар бир йўналиш бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.  

“Посбониман муқаддас юртнинг” шиори остида ўтказилган ушбу кўрик-танлов Шимоли-ғарбий ҳарбий округида ҳарбий хизматчиларнинг ижодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг маънавий дунёсини бойитиш ва Ватанга муҳаббат туйғусини янада юксалтириш йўлидаги муҳим маънавий-маърифий тадбирлардан бири бўлди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири