Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган “Посбониман муқаддас юртнинг” номли иншолар, ҳикоялар ва шеърлар танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган маърифий анжуман ўтказилди.
Тантанали тадбирга ижодкорлар, ҳарбийлар, адабиёт мухлислари таклиф этилди. Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ҳар бир инсон Ватан олдидаги масъулиятни теран англаши муҳимлигини таъкидлади.
– Бугун касби коридан қатъи назар, барчамиз Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган жадал янгиланиш жараёнларида фаол иштирок этиш, юрт шаънини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга масъулмиз, – деди Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Уюшмамиз томонидан ёшларнинг ватанпарварлик туйғусини янада кучайтиришга оид кўплаб лойиҳалар ҳаётга фаол татбиқ этилмоқда. Шу билан бирга, ҳарбий қисмларда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар иштирокида адабий мулоқотлар мунтазам ташкил этилмоқда. Айни пайтда ҳарбий қисмларнинг кутубхоналарини бадиий-маърифий адабиёт билан тўлдиришга ҳисса қўшмоқдамиз.
[gallery-27072]
Уюшма раисининг ўринбосари, таниқли шоира Фарида Афрўз юртимиз оналарининг хотиржамлиги айнан ҳарбий посбонларимизнинг матонатли хизмати туфайли эканини этироф этиш билан бирга, “Посбониман муқаддас юртнинг” номли мазкур ижодий танлов ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётганини айтди.
Дарҳақиқат, ушбу танлов ҳамюртларимизда Миллий армиямиздан фахрланиш ва унга бўлган ишонч ҳиссини ошириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилгани билан аҳамиятли.
“Посбониман муқаддас юртнинг” номли иншолар, ҳикоялар ва шеърлар танловининг биринчи босқичи ташкилот тизимларида 2025 йилнинг декабрь ойи давомида ўтказилди. Республика босқичида Қуролли Кучлар тизимидаги 6 та ҳарбий тузилмадан 18 нафар иштирокчининг иншолари ва 15 нафар иштирокчининг шеърлари тақдим этилди. Профессионал шоирлар учун мазкур танлов тўғрисида ижтимоий тармоқларда эълон берилди.
Профессионал ижодкорлардан жами 47 нафари, булардан 34 нафар шоирнинг танловга тақдим этган 80 дан ортиқ шеъри, 13 нафар публицист-ёзувчининг насрий асарлари ўрганиб чиқилди.
Ҳайъат аъзолари – Фарида Афрўз, Салим Ашур, Рустам Мусурмон, Холмуҳаммад Каримий, Нурилла Чори, Муҳиддин Абдусаматов танловга топширилган ижодий ишларни кўриб чиқди. Ҳакамлар хулосалари асосида танловнинг республика босқичи ғолиблари эълон қилинди.
Ёш ижодкорлар ўртасида шеърий асарлар йўналиши бўйича Нажмиддин Эрматов, насрий асарлар йўналишида эса Нурбек Тоштурдиев биринчи ўринга сазовор бўлди.
Қуролли Кучлар тизими ҳарбий хизматчилари, уларнинг оилалари ўртасидаги шеърий асарлар танловида Божхона қўмитаси ходими Рустам Қаландаров, насрий асарлар йўналиши бўйича эса Давлат хавфсизлик хизмати ходими Дилноза Аралова биринчи ўринни қўлга киритди.
Тадбирда ижодий танловнинг барча ғолиб ва совриндорлари тақдирланди.
Назокат Усмонова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА мухбирлари