9 сентябрь куни соат тахминан 17:30 ларда Самарқанд шаҳар Беруний кўчасида жойлашган 86-уйнинг учинчи қаватидаги хонадонлардан бирида табиий газ ва ҳаво аралашмаси чақнаши содир бўлган эди.
Бунинг оқибатида мазкур кўп қаватли уйнинг учта йўлагидаги хонадонлар жиддий зарар кўрган.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умид Аҳроровнинг маълум қилишича, айни пайтда бу хонадонларда яшовчи аҳоли бошқа жойга кўчирилмоқда. Тегишли соҳалар мутахассислари томонидан кўп қаватли уйнинг техник ҳолати ўрганилмоқда, экспертиза натижаларига кўра, уйни қайта қуриш бўйича якуний хулосага келинади.
– Ҳодиса юз берган куннинг ўзида Юлдуз маҳалласида вилоят ҳокимлиги томонидан махсус штаб тузилди, – дейди У.Аҳроров. – Портлашдан зарар кўрган ҳар бир оила, хонадон рўйхати шакллантирилиб, уларга ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар ва масъуллар белгиланди. Уйдан кўчирилаётган оилалар Қорасув массивидаги шаҳар ҳокимлиги балансида бўлган янги кўп қаватли уйга ўтказилмоқда. Айни дамда пойтахтдан келган ва маҳаллий мутахассислар бинонинг техник ҳолати ва етказилган зарар кўламини ўрганмоқда. Экспертиза натижаларидан сўнг уйнинг зарарланган қисмини бузиб, қайта қуриш бўйича якуний қарор қабул қилинади.
Ҳодиса оқибатида бир нафар фуқаро куйиш тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган ва ҳозир ҳам аҳволи оғирлигача қолмоқда. Бундан ташқари, ушбу уйда ва шу атрофдаги хонадонларда яшовчи яна 8 нафар фуқаро тиббий ёрдам сўраб шифохонага мурожаат қилган. Уларга ҳам белгиланган тартибда тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ҳолат юзасидан ички ишлар идоралари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири