Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти органлари ходимлари мансаб ваколатини суиистеъмол қилаётган мансабдор ва масъул шахсларнинг қонун олдида жавоб беришини таъминламоқда.
Косон тумани ҳокимлигининг раҳбар котиби Ғ.Ғ. фуқаро Н.Ш.нинг 12 сотихли уй-жойининг кадастр ҳужжатларини танишлари ёрдамида расмийлаштириб бериш эвазига 3 миллион сўм олган вақтда Департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далил билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги бошқармаси бош мутахассиси Б.О. Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси шўъба мудири Р.Ж. билан ўзаро тил бириктириб, фуқаро З.А.га субсидия асосида уй олиб бериш эвазига 600 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА