Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пора олмай мукофот олса бўлади....
14:18 / 2020-02-09

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилояти судларида коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилояти судларида коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ судларда фаолият олиб бораётган ҳар бир судья ва суд ходимлари ўз хизмат вазифаси ва фуқаролик бурчини бажаришга виждонан ёндашиб, тараққиёт кушандаси ҳисобланмиш коррупцияга қарши курашда муносиб тарзда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Хусусан, 2018 йил 12 ноябрь куни фуқаро Э.Ҳайдаров фамилия ва исм ўзгартирилган) фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судья ёрдамчиси Г.Жўрабоевадан судья Ш.Ахунбаевнинг иш юритувида бўлган фуқаролик иши бўйича экспертиза хулосаси юзасидан тушунтириш олиб, қаршилик кўрсатишига қарамасдан целлофан конвертга солинган дафтарни “ишлатасиз” деб ташлаб кетган.

Г.Жўрабоева зудлик билан бу ҳақда суд раисига хабар бериб, холислар иштирокида конверт ичига қаралганда унда 5 000 (беш минг) сўмлик пуллар мавжудлиги аниқланган ва ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилиб, айбдорга нисбатан қонунда белгиланган чора кўриш учун Фарғона шаҳар ички ишлар бўлимига хабарнома берилган.

Бундан ташқари, 2019 йил 8 октябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судья ёрдамчиси М.Холиқова ишларни якунлаб, суд мажлиси залидаги стол устини тартибга келтириш чоғида ҳужжатлар орасидаги конвертларнинг бирини ичида 100 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари борлиги аниқланган.

М.Холиқова дарҳол судья Э.Исмоилов ва суд раисига хабар берган. Ҳолат юзасидан холислар иштирокида далолатнома тузилган ва далилий ашё сифатида олинган пуллар билан биргаликда масалага қонуний баҳо бериш учун Фарғона шаҳар прокуратурасига юборилган.

Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текшириш давомида пул маблағларининг кимга тегишли эканлиги, қачон ва ким томонидан нима мақсадда олиб келинганлиги аниқланмаганлиги сабабли тўпланган ҳужжатлар якунига кўра бирон-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги боис, жиноят иши қўзғатиш рад қилинган.

Юқоридаги ҳар икки ҳолатда ҳам суд ходимлари ўзларини йўлдан уришга уринган шахсларнинг макр-ҳийласига учмай, нафс йўлига кирмасдан, фуқаролик бурчига содиқ қолиб, виждон амрига бўйсунган ҳолда айбдорларга нисбатан қонуний чора кўрилишини истаб раҳбариятга хабар берган ва суд ходими шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этилишини олдини олинишига муносиб ҳисса қўшган.

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоятининг барча судья ва суд ходимлари иштирокида ўтказилган тадбирда фуқаролик бурчини ва хизмат вазифасини сидқидилдан бажариб судда коррупцияни келиб чиқишини олдини олишда кўрсатган ўрнак ҳамда қўшган ҳиссаси учун судья ёрдамчилари вилоят суди томонидан ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Бу каби тадбирларни ўтказилиши коррупцияни келиб чиқишини олдини олиш, соғлом муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.