French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пора олган шахсларга жиноят ишлари қўзғатилди
15:22 / 2023-08-01

Порахўрлик – жамиятни таназзулга олиб борадиган энг хавфли иллатлардан бири. Чунки пора туфайли малакасиз ўқувчи олий ўқув юртига ўқишга кирса, билимсиз ва лаёқатсиз кадрлар раҳбарлик лавозимларини эгалласа, айнан ўша ерда ривожланиш эмас, таназзул юз беради.

Пора эвазига ўқишни битирган шифокор, ҳайдовчилик гувоҳномасини олганлар одамлар ҳаётига зомин бўлиши турган гап.      

Шунинг учун ҳам бу иллатга қарши курашиш жуда долзарб. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти органлари ходимлари пора билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, бунга йўл қўяётган шахсларни жавобгарликка тортиш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда.  

Айтиб ўтиш керакки, Жиноят кодексининг 210-моддаси “Пора олиш” деб номланган бўлиб, бу жиноятга қўл урганлар базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.  

Пора олиш такроран, хавфли рецидивист томонидан кўп миқдорда, таъмагирлик йўли билан, бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.  

Пора олиш жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.  

Департаментнинг Каттақўрғон тумани бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Қ.Х. электр энергиясидан 779 миллион сўм қарздорлиги сабабли тармоқдан узилган “А.Б.” фермер хўжалигини электр тармоғига беш кун муддатга қайта улаб бериш эвазига ушбу фермер хўжалиги раҳбари А.Б. дан 5 миллион сўм пора талаб қилиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.  

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.  

Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти бўлим бошлиғи 2023-2024 ўқув йили учун қабул комиссияси масъул котиби А.Ў. фуқаро Ж.С.ни ушбу институтга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 5 минг АҚШ доллари пора талаб қилиб, шундан 4,8 минг АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.  

Мазкур ҳолат юзасидан ҳам Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.  

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА