Бухорода ЙПХ инспекторига пора бермоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақида вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Бухоро вилояти бўйича бошқармаси, Департаментнинг вилоят бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Натижада жорий йилнинг 21 ноябрь куни Пешку тумани Янгибозор маҳалласида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро И.Т. спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда автомашина бошқарганлик ҳолати юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирмаслик эвазига ЙПХ инспекторига 200 АҚШ доллар беришни таклиф қилади. Вилоят наркология диспансери биноси олдида унга 2 миллион 100 минг сўм пулларни бераётган вақтда қўлга олиниб, белгиланган тартибда ҳужжатлаштирилди.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро И.Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА