ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Поп туманида 100 гектар майдонда саноатлашган интенсив боғ барпо этилмоқда. Ушбу лойиҳа Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Республика Агросаноатни ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Айни пайтда ҳудудда сунъий сув ҳавзаси қурилиши, ерни тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
[gallery-27462]
Интенсив боғда томчилатиб суғориш тизими жорий этилади. Шунингдек, ҳудудга 66,6 минг туп “Mikado” навли ўрик кўчати экилиши режалаштирилган. Лойиҳа натижасида ҳосилдорлик ва маҳсулот сифати оширилиб, ички бозор эҳтиёжини таъминлаш билан бир қаторда экспорт имкониятлари ҳам кенгайиши кўзда тутилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур боғ доирасида 100 нафар эҳтиёжманд оилага тайёр ҳолда 1 гектардан ер майдони ажратиб берилади. Бу орқали улар учун барқарор даромад манбаи яратилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА