Халқ депутатлари Наманган вилояти Поп тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида туман ҳокими Аъзамжон Султонов 2021 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ҳамда 2022 йилга мўлжалланган режаларга оид мурожаат билан чиқди.
– Йил бошида режа ва дастурларимизни аниқлаб, эришган ютуқларимизни янада мустаҳкамлаб, энг муҳим ва устувор соҳаларни ривожлантиришга алоҳида белгилаб олган эдик, – деди Аъзамжон Султонов. – Жорий йилнинг 10 ойи давомида туманимизда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 347,4 миллиард сўмни, истеъмол моллари ишлаб чиқариш 222,6 миллиард сўмни, чакана савдо айланмаси 811,7 миллиард сўмни ва бошқа хизматлар 648,8 миллиард сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан кўпайишига эришилди.
Президентимизнинг 2021 йил 9 июндаги “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида Республикадаги 24 та туман қатори бизнинг Поп ҳам қурилиш материалларига ихтисослашган туман этиб белгиланди ва табиий тошни қайта ишлаш, пардозбоп плиталар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилди. Мазкур фармон ижроси доирасида умумий қиймати 30 миллиард сўмлик 4 та лойиҳа ишга туширилди ва натижада 110 та янги иш ўрни яратилди.
Жумладан, Дилшод Нишонов раҳбарлигидаги “Чоркесар қизил тош” МЧЖ, Обиддин Ибрагимов бошчилигидаги “Чоркесар гранит” МЧЖ, Солмонбек Азимов раҳбарлигидаги "Мегагранит" МЧЖ ва Шерали Салоҳиддинов бошчилик қилаётган “Уйғурсой юксалиш” МЧЖ корхоналари ўз фаолиятини давом эттириб, бугунги кунда туманда шебень, шифер, полизол, профнастиль, цемент ва керамик ғишт каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Янги корхоналарни экспортга жалб этиш ва маҳсулотларини хорижга йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада “Брек стон” МЧЖ корхонаси керамик ғишт ишлаб чиқариш бўйича,"The garden plants and fruits" МЧЖ Европа давлатларига қулупнай, "Turon agro fresh invest" МЧЖ ва "Uzagro surxan" MЧЖ экспортёр корхоналари эса мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини йўлга қўйди. Шу вақтга қадар туман бўйича жами 19,7 миллион долларлик саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди.
[gallery-5163]
Қишлоқ хўжалиги соҳасида “кластер” усулининг жорий этилиши ерни шудгорлашдан тортиб, экиш, парваришлаш, йиғиштириб олиш ва хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёндаги кўп босқичли комлекс тизимга асос солинди.
Туманда айни вақтда мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган “Нуран УЗ” МЧЖ, “Наманган агро логистика”, балиқчиликка ихтисослашган “Наманган балиқ” ва “Булоқ маринка балиқлари”, паррандачиликда “Актив чоркесар лайт” МЧЖ, қуёнчиликда “Темурбек Мероншоҳ”, пахтачиликда “Art soft tex cluster” фермер хўжаликлари “кластер” усулида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Эътиборлиси, Поп туманида 2022-2026 йилларда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Ушбу истиқболли дастурни изчиллик билан амалга ошириш бўйича мутасаддилар томонидан бир қатор вазифлар, асосий йўналишлар белгилаб олинган.
Хусусан, умумий қиймати 3,6 триллион сўмга тенг бўлган жами 915 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши ҳисобига келгусида 12 минг 640 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бюджетга 513 миллиард сўм қўшимча манба, 2 триллион сўмлик қўшимча ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш қувватлари яратилиб, экспорт имконияти 57 миллион АҚШ доллар миқдорига оширилади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА