Полвонларимиз учун “Zagreb Open – 2026” муваффақиятли якунланди
Хорватиянинг Загреб шаҳрида спорт курашлари бўйича “Zagreb Open – 2026” халқаро рейтинг турнири ўз якунига етди. Мусобақанинг юнон-рум кураши бўйича беллашувларида Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритди.
Хусусан, 67 килограммгача бўлган вазн тоифасида баҳс олиб борган Айтжан Халмахонов мусобақа давомида мисрлик Муҳаммад Ҳасан Аҳмад Абдулраҳим, молдовалик Валентин Петиц, япониялик Кётаро Согабе ҳамда грузиялик Диего Чкиквадзени мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлди.

Шунингдек, ўз вазн тоифаларида ҳамюртларимиз Алишер Ғаниев ва Ихтиёр Ботиров кумуш медалларни қўлга киритган бўлса, Шаҳзод Қўчқоров, Абдулла Алиев ҳамда Муҳаммадқодир Расулов бронза медаллари билан тақдирланди.
Қайд этилган натижаларга кўра, юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Умумжамоа ҳисобида Эрон терма жамоаси биринчи, Қозоғистон эса учинчи поғонадан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА