Польша президенти сайловида консерватив тарихчи, Миллий хотира институти директори Кароль Навроцкий кичик фарқ билан ғалаба қозонди. Ғолибнинг сўзларига кўра, уни сайлаганлар “яхши мамлакат”да яшашни истайди. Хуллас, 42 ёшли бу сиёсатчи қарийб 51 фоиз овоз тўплаб, Варшава мэри, Европа тарафдори Рафал Тшасковскийни енгди.
Навроцкий сайланиши Польшада муҳим сиёсий ўзгариш сифатида баҳоланмоқда. Унинг қарашлари рақибиникидан кескин фарқ қилади.
1983 йил Гданьск шаҳрида туғилган Карол 2003 йил қадрдон шаҳридаги Олий бизнес ва бошқарув мактабини, 2008 йил Гданьск университетини тамомлаган. 2013 йил гуманитар фанлар бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, замонавий Польша тарихига ихтисослашган олим сифатида танила бошлаган.
Табиийки, кўпчиликни Навроцкийнинг Россия ва Украина зиддиятига муносабати қизиқтиради. Карол аксил коммунист қарашга эга тарихчи сифатида ном қозонган. Совет даври тарғиботи сифатида баҳоланган ёдгорликларни бузиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган. Айни қараши туфайли Россия 2024 йил халқаро қидирувга бериб, унга нисбатан жиноий иш очган.
Шу билан бирга сиёсатчи дипломатик ёндашув тарафдорилигини ҳам таъкидлайди – муайян масалаларда Россия Президенти билан музокара даврасига ўтиришга тайёрлигини ҳам айтган. Украинага нисбатан эса танқидий муносабатда. Масалан, Киевни Европа Иттифоқи ва НАТО аъзолигига муносиб эмас, деб ҳисоблайди. Шунингдек, Польша Украинага кўрсатаётган ёрдам етарли даражада қадрланмаётганини танқид қилган. Украиналик қочқинлар, фермерлар ва транспорт компаниялари билан боғлиқ муаммоларни тилга олган. Ҳатто, АҚШ Президенти Дональд Трамп сўровига қарамай, поляк ҳарбийларини Украинага юбормасликка ваъда берган.
Каролнинг айрим хулосалари кўпчилик сиёсатчиларга ёқмаётгани аён. Масалан, у ЕИни заиф, ички номувофиқликда чўкиб бораётган ташкилот, Украина – РФ музокарасида иштирок этмаётгани ҳам шу заифлик белгиси, деб билади.
Сайлов олди кампаниясида Навроцкий Польша иқтисодий мустақиллигини сақлаш, евро валютасига ўтишни рад этиш ва миллий валютани сақлаб қолиш ташаббусини илгари сурган. Шунингдек, тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилиш энг устувор вазифа эканини таъкидлайди.
Президент сифатида фаолият бошлагач, берилган ваъдалар қанчалик амалга ошади, буни вақт кўрсатади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/IvhWreSfLhk" title="Polshaning yangi yetakchisi kim?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К. Бекжонов, ЎзА