Польша Россиядан газ харидини тўхтатади
Польша 2022 йилдан кейин Россиядан газ харид қилмоқчи эмас, деди ҳукуматнинг стратегик энергетика инфратизим масалалари бўйича ваколатли вакили Петр Наимский “RMF FM” радиосига берган интервьюсида.
Вакилнинг эслатишича, Польшанинг Россиядан газ харид қилиш бўйича 1996 йилда имзоланган ва Ямал шартномаси номини олган битим муддати декабрда ўз ниҳоясига етади.
"Варшава битимни узайтирмайди, қисқа муддатли шартнома ҳам тузмоқчи эмас. Бизнес нуқтаи назаридан фойдали бўлиб кўринса-да, бугун буни тасаввур қилиш қийин. Ҳозир Польша газ харидининг 50 фоизи Россия улушига тўғри келади”, деди Польша расмий вакили.
Бунчалик миқдорнинг ўрнини қоплаш мумкинми, деган саволга Наимский: “PGNiG – давлат нефть-газ компанияси бунга тайёр, унда Россия таъминотини қопловчи шартномалар мавжуд”, деб жавоб берди.