Ташқи ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, бугун Польша Президенти Анжей Дуда хорижий давлатлар, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари бўлиб турган Украина-Польша чегарасига, "Карчова" назорат-ўтказиш пункти яқинидаги тўпланиш нуқтасига ташриф буюрган. У элчихонамиз вакилларига мурожаат қилиб, ўз юрти фуқаролари учун жуда муҳим ва эзгу иш қилаётганликларини эътироф этди.
– Сизлардан бошқа мамлакатлар дипломатлари ва кўнгиллилари ўрнак олиши тайин, – деди давлат раҳбари. – Менга Ўзбекистон ҳукумати фуқароларини эвакуация қилишга биринчилардан бўлиб киришганини айтиб беришди. Бу саъй-ҳаракатни давлат ва ҳукуматнинг ўз халқига нисбатан чексиз ғамхўрлиги деб биламан.
– Аввалроқ, биз ҳам шундай вазиятга тушгандик, – фикрини давом эттирди Президент Анжей Дуда. – Ўшанда сизга қўшни давлатни тарк этган Польша ва Европанинг бошқа мамлакатлари фуқароларидан хавотирда эдик.
Мамлакат етакчиси фуқароларни ватанга қайтаришдек оғир вазифани фақат Ўзбекистоннинг фаол кўмаги билан амалга оширганини таъкидлади. Фуқароларимиз билан самимий суҳбатлашаркан, Анжей Дуда юртдошларимизни қўллаб-қувватлаши ва зарур бўлса, ёрдам кўрсатишини билдирди.
ЎзА