Мамлакатимизнинг Польшадаги элчихонасида сенатор, «Польша – Ўзбекистон» парламентлараро гуруҳи аъзоси Казимир Клейно ва Марказий Осиё бўйича эксперт, профессор Владислав Соколовский билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Польша меҳнат бозорига соддалаштирилган тартибда киришни таъминлаш масаласини илгари суриш бўйича кейинги режалар муҳокама қилинди. Икки мамлакат ваколатли органлари ўртасида янада самарали ҳамкорлик қилиш бўйича узоқ муддатли режалар ҳам белгиланди.
Ўзбекистон элчиси польшалик ҳамкорларни Ўзбекистондаги меҳнат бозори, шунингдек, ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги вазият билан яқиндан таништирди.
Польша Ўзбекистондан меҳнат миграцияси учун истиқболли манзил экани, айни пайтда Европанинг ушбу мамлакатида 20 мингдан ортиқ мамлакатимиз фуқароси меҳнат қилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон ҳукумати томонидан мамлакатимиз фуқароларини хорижда, шу жумладан, Польшада вақтинча ишга қабул қилишни ташкил этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди.
Мамлакатимиз фуқаролари учун хорижий мамлакатларда талаб катта бўлган мутахассисликларга ўргатадиган ўқув марказлари ташкил этилгани маълум қилинди.
Сенатор Казимир Клейно Ўзбекистон фуқаролари учун Польша меҳнат бозорини очиш қарори ҳар икки томон учун фойдали эканини қайд этди. Чунки Польшада меҳнат мигрантларига катта эҳтиёж мавжуд.
Украинадан қочқинлар учун Европа Иттифоқи чегараларининг очилиши иш ўринларига ҳам таъсир қилди. Аммо уларнинг аксариятини аёллар ва болалар ташкил этади.
Польша вакили жорий йил июнь ойида «Польша –Ўзбекистон» парламентлараро гуруҳи ушбу масалани Польша Сенатига муҳокама учун тақдим этишни режалаштираётганини маълум қилар экан, режа бу йўналишдаги кейинги қўшма ҳаракатларга туртки беришини айтди.
Таъкидланганидек, Сенат ушбу ташаббус қўллаб-қувватланишини таъминлайди ва бу миграция тўғрисидаги янги қонун қабул қилиниши ва унинг муҳокамаси арафасида, айниқса, муҳим аҳамиятга эга.
Ўз навбатида, эксперт Владислав Соколовский хорижий давлатлардаги ишчи мигрантлар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, шунингдек, болалар меҳнатидан ноқонуний фойдаланишга қарши кураш бўйича Ўзбекистондаги вазиятга эътибор қаратди. У 2022 йил март ойида мамлакатимизга ташрифи давомида республикада болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилганига гувоҳ бўлганини таъкидлади.
Владислав Соколовский Ўзбекистонда қатор халқаро меҳнат конвенциялари қоидалари бажарилаётганидан, шунингдек, мамлакат хорижий давлатлардаги меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилаётганидан мамнуният билдирди.
Учрашувда Польшага хорижий давлатлардан меҳнат муҳожирларини таклиф қилиш ва ишга жойлаштириш механизмлари ҳам муҳокама қилинди.
Хусусан, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш саноати ишчи кучига катта эҳтиёж сезаётгани ва бу бўшлиқни Ўзбекистондан келган мигрантлар билан тўлдириш меҳнат рентабеллигини, шунингдек, Польша иқтисодиётининг ўсишини сезиларли даражада ошириши қайд этилди.
ЎзА