Польша ҳарбий харажатларини ЯИМнинг тўрт фоизига етказмоқчи
Польшанинг 2023 йил учун ҳарбий харажатлари 4 фоизга етказилади, деб баёнот берди бош вазир Матеуш Моравецкий журналистларга.
2022 йилда Польшанинг мудофаа бюджети ЯИМнинг 2,4 фоизи миқдорида режалаштирилган эди. 2023 йилда эса ушбу кўрсаткични мамлакат ЯИМининг 3 фоизигача ошириш кўзда тутилган (тахминан 28 миллиард доллар).
"Украинадаги уруш тезкорлик билан қуролланишга сабаб бўлмоқда. Шу боис биз аввал кўзда тутилмаган саъй-ҳаракатни амалга оширамиз, яъни Польша армиясининг харажатларини мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 4 фоизигача оширамиз", – деди Моравецкий.
"Бу билан биз НАТО аъзолари орасида ҳарбий бюджетини энг катта давлат бўламиз", – қўшимча қилган у журналистлар билан учрашувда.
НАТО стандарти бўйича унга аъзо мамлакатларнинг ҳарбий бюджети мамлакат ЯИМининг 2 фоизи атрофида бўлиши керак.