Ушбу давлатлар бош вазирлари Украина президенти ҳамда бош вазири билан музокара ўтказиш учун Киевга келмоқда, дейилади Польша вазирлар маҳкамаси сайтида эълон қилинган хабарда.
"Вазирлар Кенгаши раиси Матеуш Моравецкий ва бош вазирнинг биринчи ўринбосари, миллий хавфсизлик ва мудофаа ишлари бўйича Қўмита раиси Ярослав Качиньский Чехия бош вазири Петр Фиало ва Словения бош вазири Янез Яншо билан биргаликда бугун Киевга жўнамоқда. Улар Киевга Европа кенгаши вакиллари сифатида ташриф буюриб, Украина президенти Владимир Зеленский ва Украина бош вазири Денис Шмигал билан учрашади", – дейилади хабарда.
Шунингдек, хабарда келтирилишича, "ташрифдан кўзланган мақсад Европа иттифоқига кирувчи барча мамлакатларнинг Украина суверенитетини ҳамда мустақиллигини қўллаб- қувватлашини қатъий таъкидлаш ҳамда Украина давлатига ва жамиятига кенг кўламли ёрдам пакетини тақдим этишдан иборат".
Хабарда таъкидланишича, ушбу ташриф Европа кенгаши раиси Шарл Мишель ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан келишилган.
Шунингдек, ташриф ҳақида БМТ ҳам хабардор қилинган. Айни пайтда уч мамлакат бош вазирлари поезд орқали Украина чегарасини кесиб ўтган. Уларнинг Киевда мўлжаллаган учрашувлари бугун бўлиб ўтади.