English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пўлотида етиштирилган сабзавот маҳсулотлари Тожикистон ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинмоқда
18:27 / 2020-12-08

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, OʻzLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов Бухоро вилояти Жондор туманида бўлди.

Депутат тумандаги “Томорқа хизмат экспорт” ишлаб чиқариш кооперативи фаолияти билан яқиндан танишди.

Тумандаги Пўлоти маҳалла фуқаролар йиғини Оромгоҳ қишлоғи ҳудудидаги фойдаланилмай, қаровсиз ётган 3 гектар ер майдони ўзлаштирилди. Натижада қишлоқ хўжалиги кооперативи йўлга қўйилиб, “Томорқа хизмат экспорт” ишлаб чиқариш коопаритиви ташкил этилди. 

Ер майдонининг 1,63 сотихи кооператив тасарруфига берилди. 1,1 гектар бўз ер майдони эса аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан Оромгоҳ ва Навгади маҳаллаларидаги кам таъминланган оилаларнинг 50 нафарига, ишсиз фуқароларга ҳамда ёшларга 2 сотихдан ажратилди. Уларга мазкур майдонда маҳсулот етиштириб, даромад олиш ҳуқуқини берадиган сертификат топширилди. Шу асосда юздан ортиқ кишининг бандлиги таъминланди.

Бу ерда экилган булғор қалампирининг “Бедрана”, аччиқ қалампирнинг “Шакира” ҳамда бақлажоннинг “Чёрная акула” навлари етиштирилиб, жами 16 тонна тайёр маҳсулотлар Тожикистон ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинмоқда.

Актам Хаитов келгусида иссиқхоналарни кенгайтириш бўйича ўзининг тавсияларини берди. Етиштирилаётган маҳсулотларни совуқдан асраб қолиш зарурлигини ҳам алоҳида таъкидлади.

Депутат тумандаги Дарвеши маҳалла фуқаролар йиғини Дарвеши қишлоғида яшовчи Садриддин Сайфиев хонадонида бўлди. Хонадонда 4 сотих иссиқхона ташкил қилинган. Иссиқхонада тропик мевалардан мандарин, апельсин ҳамда лимон билан бир қаторда исмалоқ, помидор, бодринг, булғор қалампири кўчатлари етиштирилмоқда.

-Йигирма йилдан буён иссиқхона билан шуғулланиб келаман, -дейди хонадон соҳиби Садриддин Сайфиев. -Дастлабки йилларда фақат помидор кўчатлари экардим. Тажрибам ортгач, бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экишни бошладим. Сўнгра, тропик кўчатлар экиб ҳосил олишни йўлга қўйдим. Ҳозирда меваларни ички бозорга сотяпман. Қишлоғимдан ўн нафар хонадонга шу амалиётни қўллашни ўргатдим. Уларни ҳам бандлигини таъминлашга кўмаклашдим. Даромадни изидан барча орзу-ҳавасларга эришаяпман. Меҳнат қилган хор бўлмайди. Асосийси оиламиз билан бандлигимиз таъминланган.

Мазкур қишлоқнинг 40 та хонадонида шундай иссиқхонлар мавжуд. Аҳоли ўзларининг меҳнатлари билан бозорларимизнинг тўкин-сочинлигига кўмаклашмоқда. Оилалардаги аёллар, ёшларнинг бандлиги таъминланиб, орзу ҳаваслари ушалмоқда.

Актам Ҳайитов ушбу қишлоқда “Бир маҳалла-бир маҳсулот” тамойили бўйича ишлар кўламини кенгайтириш, хайрли ишларни тарғиботини кучайтириш, бошқа ҳудудларга ҳам оммалаштириш бўйича таклифларини билдирди.

Зариф Комилов, ЎзА