Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Полковник Зайноббидин Иминов: “Ота-она кўз ёшини тўккан бола ватанпарвар бўлолмайди”
18:58 / 2020-12-24

Сурхондарё вилояти ҳокими, ҳарбий-маьмурий сектор раҳбари Тўра Боболов Термиз ҳарбий гарнизонига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида "Ҳоким ва ёшлар" лойиҳаси доирасида учрашув ўтказди.

Унда вилоят прокурори С.Турдиев, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи О.Ҳақназаров, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи А.Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи Ш.Саидов, вилоят ҳокими ўринбосарлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилган кун ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан 17 декабрдан 18 январга қадар эьлон қилинган “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ички ишлар идораларида профилактик ҳисобда турган ўқувчилар учун Жанубий оператив қўмондонлиги тасарруфидаги ҳарбий қисмларда "Эр йигитнинг – эр йигитга айтган гапи таъсирли бўлур" шиори остида "Ҳарбий қисмда ўн кун" тадбири ташкил этилди.

Ҳуқуқбузарлиги учун прафилактик ҳисобда турган 150 нафар ўқувчи-ёшлар иштирок этган йиғинда улар учун ҳарбий қисм кун тартибига асосан ўқув машғулотлари ташкил этилди. 

Термиз ҳарбий прокуратураси, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида турли тадбирлар уюштирилди. Замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан таништирилиб, психологик тренинглар ўтказилди. 

Ватан ҳимоячиларининг кундалик машғулотларини кузатиб, сафда юриш, қуролларни қисмларга ажратиб, қайта тузиш, қўшиқ айтиш каби машғулотларни ўрганди. Спорт билан шуғулланиб, бадиий, тарихий ва бошқа китоблар мутолаа қилди. Ҳарбийлар билан тозалик кунида ободонлаштириш ишларида қатнашди. Ватанпарварлик ва маънавий юксалиш куни тадбирларини томоша қилиб, бадиий ҳаваскарлик тўгаракларида иштирок этди.  

Санъаткорларнинг Она ватан, муқаддас тупроқ, жасорат, мустақиллик ва ободликни мадҳ этувчи куй-қўшиқларидан баҳраманд бўлди. Дам олиш куни тарихий обидалар ва ҳудуднинг диққатга сазовар жойларига саёҳатга чиқди. Ҳарбийлар ошхонасида уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланди.

Эгнида ҳарбий либос билан ҳаётининг ўн кунини ҳарбий қисмларда ўтказган ўқувчи-ёшлар онгу-шуурида Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга чексиз ҳурмат ҳисси шакллангани аҳамиятли бўлди.

– Сариосиё туманидаги 47-мактабнинг 9 синфида ўқийман, – дейди Оғабек Дилмуродов. – Икки йил муқаддам болалар билан жанжалда қатнашиб қолган эдим. Гапнинг рости шу пайтгача туманимиздаги ҳарбийларни ўзи учун хизмат қилаяпти, деган ўй билан юрган эдим. Мана ўн кун ҳарбий қисмда бўлиб билдимки, улар бизнинг тинч ҳаётимиз учун хизмат қилаётган экан. Аскар акаларимиздан Ватанни, она тупроқни севишни ўргандим. Юртимга садоқатим ошди. Энди аъло баҳоларга ўқиб, спорт билан мунтазам шуғулланиб, ҳарбий бўлишга аҳд қилдим. Хуллас, келгуси ҳаётимни белгилаб олишимда менга ҳарбий акаларим туртки бўлди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтказилган учрашувда вилоят ҳокими Тўра Боболов прафилактик ҳисобда туриб, ўн кун ҳарбийча ҳаёт кечирган ўқувчи-ёшлар ва уларнинг ота-оналари дарду-ташвишини тинглаб, муаммоларини ўрганди.  

– Президентимиз ғояси билан мамлакатимизда “Ёшлар дафтари” ташкил этилиб, унга ҳар бир йигит-қиз ҳақидаги маълумотлар, уларнинг турмуши ва қизиқишлари киритилаётганидан хабарингиз бор, – деди вилоят ҳокими. – Бу ерга сизлар билан очиқ мулоқот қилгани келганмиз. Билиб-билмай ҳуқуқбузарлик содир этган бу болаларнинг бари бизнинг фарзандларимиз. Уларни соғлом ҳаётга қайтариш барчамизнинг бурчимиз. Бугун мен бу болаларнинг сафда юришлари, қўшиқ айтишлари ва теранлашган фикрларини тинглаб, жуда хурсанд бўлдим. Кўплари келажакда ҳарбий бўлишга қатьий қарор қилганини эшитиб, жуда қувондим. Келинг, келишиб олайлик: кимда қандай муаммо бўлса очиқ айтсин. Биргалашимиз қўлимиздан келганча ёрдам кўрсатамиз. Ўртага ташлаган масалаларингизнинг қонуний ечимини топамиз.

Очиқ мулоқотда ота-оналар ва ўқувчи ёшлар ўзлари дуч келаётган муаммоларни ўртага ташлади. Жумладан, Сариосиё таманидаги 1-мактаб ўқувчиси Шамсиддин Менгбоев онасининг кўзини даволатиш учун моддий ёрдам сўради. Термиз туманидаги Каттақум маҳалласида яшайдиган Достонбек Абдуғаффаров сартарошхона барпо этиш учун 15 миллион сўм кредит олмоқчи эканини айтди. Сариосиё туманидаги 47-мактабнинг 9 синф ўқувчиси Оғабек Дилмуродов “Темурбеклар мактаби”га ўқишга киритишда амалий ёрдам кўрсатишларини сўради.

Учрашувда бошқа ота-оналар ва ўқувчи-ёшлар ўртага ташлаган кредит олиш, уй-жой қуриш учун ер ажратиш, чорвачилик билан шуғулланиш ва бошқа қатор масалалар ҳам атрофлича муҳокама этилиб, ўз ечимини топадиган бўлди. Жойида масъуллар бириктирилиб, ижроси қатьий назоратга олинди.  

Очиқ мулоқотда профилактик ҳисобда турган болаларнинг ота-оналари ва бошқа яқинлари фарзандлари тубдан ўзгариб, соғлом ҳаётга қадам ташлагани учун тадбир ташкилотчиларига миннатдорлик билдирди.

– Неварам Ғайратбек озгина шўхроқ, – дейди Жарқўрғон тумани Оби-ҳаёт маҳалласида яшайдиган Гулсун момо Аллаёрова. – Унинг келажакдаги ҳаётини кўп ўйлаганимдан баъзан уйқум қочиб кетар эди. Отаси Россияда бўлгани учун тарбиясига яхши эътибор беролмаяпмизми, деган хавотирда эдим. Ўн кунлик ҳарбий тарбия унинг феъл-атвори ўзгартирганини кўриб, жуда суюниб кетдим. Қаранг, бир пасда қатьий интизомли, ақлли, озода бола бўлибди. Бунинг учун Президентимизга ва сизларга катта раҳмат. Малол келмаса агар энди бир сўровим бор. Шу неварам моможон ҳарбий бўлишга қарор қилдим, деб қолди. Шу гўдакка келгусида бир ёрдам бериб юборсаларингиз, демоқчиман. Неварам аъло баҳоларга ўқишга ваъда бераяпти.

Учрашувда Жанубий-Ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинлари қўмондони, полковник Зайноббидин Иминов сўзга чиқди.

– Биз, ватанпарварлик ҳақида кўп гапирамиз, – деди қўмондон. – Лекин, ватанпарварлик нима? Аслида қандай инсон ватанни севади? Билиб қўйинг, болаларим ота-она кўз ёшини тўккан бола ватанпарвар бўлолмайди. Демак, ота-онани рози қилиб, яшашга, уларнинг маслаҳатларига қулоқ тутишга ҳозирдан ўрганиш керак. Ана шундагина инсон ватанпарвар бўлиб, камолга етади. Ватанни чин юракдан суйган киши албатта, ҳарбий бўлади. Бу гапларни кўпчилигингиз ҳарбий либос кийишни орзу қилаётганингиз учун ҳам айтаяпман.

Тадбир доирасида вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Тўра Боболов ҳарбий қисмда болажонлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Спорт, мусиқа, рассомчилик ва бошқа тўгараклар фаолиятини кўздан кечирди. Ҳарбий либосдаги болаларнинг ўқиши, ҳаёти ва интилишлари билан қизиқди.

Учрашув якунида профилактик ҳисобда турган ҳамда салбий иллатга мойиллиги бор ёшлар соғлом ҳаётга қайтгани билан муборакбод этилиб, уларга вилоят ҳокимлигининг совғалари топширилди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА