Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Политехникумда дуал таълим тизими жорий этилди
13:06 / 2025-10-29

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги 1-сонли политехникумда дуал таълим тизими самарали йўлга қўйилди.

Янги тизим ёшларга ўз иқтидор ва қизиқишларига мос касбни танлаш, меҳнат бозорида муносиб ўрин топиш ва касбий фаолиятда муваффақиятга эришиш имкониятини яратади.

Яқинда туман ҳокимлиги томонидан мазкур таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 300 миллион сўмлик замонавий тикув жиҳозлари, пайвандлаш ва автомобиль усталиги учун зарур ускуналар тақдим этилди. Бу амалий машғулотларнинг самарадорлигини янада оширди ва дуал таълим тизимини жорий этишга замин яратди.

Политехникум талабалари назарий билимларни синфларда, амалий кўникмаларни эса устахоналар ва маҳаллий корхоналарда ўзлаштирмоқда. Ҳозирда талабалар тикувчилик, чилангарлик, дурадгорлик, пайвандлаш каби касбларни эгаллашмоқда. Энг асосийси талабалар учун дуал таълим ўз қизиқишлари ва қобилиятларини амалиётда синаш имконини бермоқда. 

– Дуал таълим орқали назарий билимларимни амалий кўникмалар билан уйғунлаштиряпман, – дейди политехникумнинг тикувчилик йўналиши бўйича таҳсил олаётган Муниса Неъматжонова. – Тикиш, бичиш ва дизайн бўйича ўтилаётган амалий машғулотлар касбий малакамни ривожлантириш, келажакда иш фаолиятимда зарур тажриба тўплаш имконини бермоқда. 

Политехникум директори Назиржон Хўжанов дуал таълим тизимининг аҳамияти ҳақида шундай фикрларни билдирди:

– Дуал таълим — бу ўқувчиларни замонавий ишлаб чиқариш талабларига мослаштиришнинг энг самарали усули, Бунда ёшлар фақат назарий билимга эмас, балки амалий тажрибага ҳам эга бўлишади. Шу орқали улар меҳнат бозорида рақобатбардош кадр сифатида шаклланади. Бундан ташқари, дуал таълим маҳаллий корхоналар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаб, ишлаб чиқариш ва таълимни уйғунлаштиришга хизмат қилади.

Таълим муассасаси раҳбарияти таъкидлаганидек, дуал таълим тизими асосий таълим жараёнига ҳеч қандай халақит бермайди, балки ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва танлаган касбларига бўлган қизиқишларини янада оширишга хизмат қилади.

Политехникум 475 ўринли бўлиб, замонавий ўқув хоналари, ишчи устахоналари ва ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган. Бу шарт-шароитлар ёшларга замонавий билим ва малака эгаллаш имконини беради.

– Яна бир гап, – дейди директор. – Дуал таълим тизимининг жорий этилиши таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий боғлиқликни таъминлайди ва ёшларнинг касбий тайёргарлик даражасини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Битирувчилар кўпинча маҳаллий корхоналарда иш билан таъминланади, баъзилари эса шахсий устахоналарини ташкил этиш имкониятига эга бўлишади. Бу эса ўз навбатида меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш имконини беради.

Ғулом Примов, ЎзА