Мирзаобод тумандаги политехникумда O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгашининг Аёллар ва Ёшлар масалалари бўлимлари ҳамкорлигида “Тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш куни” муносабати билан амалий тадбир ташкил этилди.
Тадбир давомида ёшлар билан оилада тинч ва барқарор муҳит яратиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўмак бериш ва ёшларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Маҳалла еттилиги ва хотин-қизлар бўлими ходимлари зўравонлик ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари ва уларга қарши кўриладиган чоралар ҳақида тушунтириш берди. Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида мамлакатда аёлларга нисбатан 48 303 та тазйиқ ва зўравонлик ҳолати қайд этилган, бу ўтган йилга нисбатан 121 фоизга кўпдир.
– Шу боис O’zLiDeP ва ҳамкор ташкилотлар ҳар бир хонадонга кириб, оила барқарорлигини таъминлаш ва ёшларни фаол ҳаётга жалб қилиш бўйича изчил ишлар олиб бормоқда,– деди тадбирда иштирок этган O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши бўлим мудири Элёр Жўраев. – Асосийси, бундай учрашувлар ёшларда ижтимоий масъулият ва иқтисодий билимларни бойитади.

Тадбирда ёшлар учун креатив иқтисодиёт имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Бу йўналиш модадан дизайнга, ИТ ва реклама, медиа, ҳунармандчилик ва туризм орқали қиймат яратади. Ўзбекистонда ушбу ташаббус орқали янги ғояларга ёрдам бериш, стартап ва креатив студияларни ривожлантириш, ҳудудларда креатив кластерлар ташкил қилиш ҳамда миллий сувенир ва дизайн маҳсулотларини экспортга чиқариш ишлари олиб борилмоқда.

Креатив иқтисодиётнинг асосий афзаллиги — катта молиявий сарф талаб қилмаслиги, асосий капитал эса ғоя ва истеъдод ҳисобланади. Шу боис чекка ҳудудларда ҳам график дизайн, СММ, 3D-моделлаш ва кичик ательелар орқали ёшлар бандлигини таъминлаш мумкин.
Тадбир якунида ёшлар саволлари муҳокама қилинди ва амалий ечимлар белгиланди. Муҳими, ушбу учрашув “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоя ва оила мустаҳкамлигини таъминлаш йўналишларини амалда кўрсатди.
Ғулом Примов, ЎзА