Полина Кудерметова расман спорт фуқаролигини ўзгартириб, эндиликда халқаро мусобақаларда Ўзбекистон Республикаси шарафини ҳимоя қилиши борасида маълумот берган эдик.
Ушбу теннисчининг янгиланган спорт фуқаролиги Халқаро теннис федерацияси (ITF) ҳамда Аёллар теннис ассоциацияси (WTA) расмий манбаларида ҳам тасдиқланди. Бу қарор нафақат спортчининг шахсий фаолиятида, балки Ўзбекистон аёллар тенниси ривожида ҳам муҳим босқич сифатида баҳоланмоқда.
Айни пайтда Полина Кудерметова WTA жаҳон рейтингида 104-ўринда қайд этилган. У сўнгги йилларда ITF ва WTA турнирларида барқарор ўйин намойиш этаётган, ёш истиқболли теннисчилардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
У профессионал фаолияти давомида якка баҳсларда 9 та, жуфтлик баҳсларида эса 4 та ITF турнирида ғалаба қозонган. Жорий йилги мавсумда Полина Кудерметова “WTA 500 Brisbane” турнирида фаолиятида илк бор финалгача етиб бориб, халқаро теннис жамоатчилиги эътиборини янада кучайтирди. Ярим финалда Анжелина Калининага қарши баҳсда қўлга киритилган 6-4, 6-3 ҳисобидаги ғалаба спортчининг катта турнирларда рақобатбардош эканини яққол намоён этди.
Шу мусобақа доирасида рейтингда анча юқори ўринда турган Дарья Касаткина устидан қўлга киритилган ғалаба эса Кудерметованинг “WTA Top-100” сафига киришига хизмат қилди. Шунингдек, у Сеул ва Меридада ўтказилган WTA турнирларида бир неча бор чорак финал ва ярим финал босқичларига қадар етиб борди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА