Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Полимерлар кимёси ва физикаси институтида “Полимерлар ҳақидаги фаннинг замонавий муаммолари” мавзусида Ўзбекистон-Қозоғистон cимпозиуми ўтказилди.
Мазкур илмий форумда полимерлар ҳақидаги фан соҳасида фаол тадқиқотлар олиб бораётган Ўзбекистон олимлари билан бир қаторда Қозоғистон Республикасининг етакчи олимлари иштирок этадилар.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Полимерлар кимёси ва физикаси институти – Ўзбекистон Республикасидаги синтетик ва табиий полимерлар кимёси, физикаси ва технологияси йўналишидаги етакчи илмий муассаса бўлиб, 40 йил аввал ташкил топган ҳамда 1979 йилда Полимерлар кимёси бўлими сифатида 1981 йилдан Полимерлар кимёси ва физикаси институти, 2014 йилдан 2017 йилгача Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот маркази сифатида фаолият юритган.
[gallery-8890]
Институтда Ўзбекистонда биринчи марта қуёш энергиясини электр энергиясига айлантириш самарадорлигини ошириш учун полимерлар асосида гибрид қуёш ячейкаларида экситонларнинг кўпсонли генерацияси ҳодисасини амалга ошириш орқали перовскитлар ва полимерлар асосида самарали учинчи авлод қуёш батареяларини яратиш муаммоси бўйича экспериментал ва назарий тадқиқотлар ўтказилиб келинмоқда.
Симпозиум илм-фаннинг замонавий жаҳон андозалари ва тенденцияларига мос келадиган сифат жиҳатидан янги ривожланиш даражасига ўтишига кўмаклашиш, маҳаллий фундаментал ва амалий кимё фанининг изчил ривожланишини таъминлаш, ўзининг инновацион ишланмалари орқали мамлакат иқтисодиётини xом ашё йўналишидан юқори қўшимча қийматга эга рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришгача жорий этишда ўз ҳиссасини қўшиш, шунингдек, таълим соҳасида муносиб ўринга эга бўлиш мақсадида ўтказилмоқда.
Симпозиум ишида қатор мавзулар муҳокама этилди. Мавзуга оид долзарб материаллар юзасидан давра суҳбати уюштирилди. Шунингдек, полимерлар ҳақидаги нанофан соҳасида Қозоғистон ва Ўзбекистон олимлари ютуқлари, саноат тармоқлари, полимерларни олиш, қайта ишлаш ва қўллаш борасида иш юритаётган корхоналар, компанияларнинг илмий ишланмаларга бўлган эҳтиёжлари борасида фикр алмашилди.
Қайд этилишича, мазкур симпозиумнинг ўтказилиши республикаларимизда мазкур истиқболли йўналиш – полимерлар ҳақидаги фанни ривожлантириш йўлида Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси олимлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Д.Маматова, ЎзА мухбири