Тошкентда “Полимерлар ҳақидаги фан истиқболи” мавзусида Ўзбекистон - Россия микро симпозиуми бўлиб ўтмоқда.
Полимерлар соҳасида фаол тадқиқот олиб бораётган Ўзбекистон олимлари билан бирга Россия Федерациясидан етакчи мутахассислар ҳам иштирок этаётган мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 80 йиллигига бағишланган.
Анжуманнинг очилишида ФА академиги С.Рашидова сўнгги йилларда мамлакатимиз тараққиётида янги босқичга қадам қўйилганини таъкидлади. Бу жараёнда мамлакат илмий-техник салоҳиятини янада мустаҳкамлашга қаратилган, илмий-тадқиқот фаолиятини қамраб олувчи ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айни йўналиш ривожига ЎзР ФА Полимерлар кимёси ва физикаси институти муносиб ҳисса қўшмоқда. Мамлакатимиздаги синтетик ва табиий полимерлар кимёси, физикаси ва технологияси йўналишидаги етакчи илмий муассаса ҳисобланган бу институт 44 йил аввал ташкил этилган. Ўтган йиллар давомида изчил фаолият олиб борган масканда фундаментал ва амалий тадқиқот вазифалари, истиқболли йўналишлар аниқ белгилаб олинди. Хусусан, соҳалар эҳтиёжидан келиб чиқиб, агросаноат мажмуаси, тиббиёт ҳамда саноатнинг бошқа турли тармоқлари учун янги материаллар, нанотехнология воситалари яратиш йўлида самарали ишланмалар илгари сурилмоқда.
Институтда илк бор ўсимликни ҳимоялайдиган кимёвий воситалар полимер пераратив шаклини қўллаш билан боғлиқ экологик хавфсиз технология яратиш борасида фундаментал ва амалий ғоялар шакллантирилди. Натижада табиий ва синтетик полимер, ҳамда муайян аралашмалар асосидаги биологик фаол полимер маҳсулотлар қўлланган ҳолда, уруғни капсулалаш усули билан ишлов бериш орқали ерни экишга тайёрлайдиган экологик хавфсиз технология ҳамда пестициднинг экологик хавфсиз полимер шаклини ишлаб чиқариш технологияси шакллантирилди.
Тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, ипакчилик, уруғчилик соҳалари учун зарур кўплаб экологик хавфсиз препаратлар ишлаб чиқарилиб, муваффақиятли синовдан ўтказилмоқда. Жумладан, тиббиёт соҳасидаги тадқиқотлар натижасида вирусга қарши “ГлазАвир” доривор кўз плёнкаси, “Нанодерм” бактерицид плёнкаси каби препаратларни олиш технологияси ишлаб чиқилди ва клиникагача синови якунланди. Маҳаллий хом ашёдан грипп ва ЎРВИ касалликларининг олдини олиш ва бундай хасталикларни даволаш учун “ЦелАгрип” – бевосита вирусга қарши фаолликка эга интерферон полимер индуктори ишлаб чиқариш технологияси яратилди.
Ҳозирги вақтга қадар институт илмий лабораторияларида нанотехнология асосида полимер яратиш йўлида тадқиқот олиб борилмоқда. Бу вақт давомида 5 та фундаментал, 14 та амалий, 4 та инновацион, 2 та ёш олим лойиҳаси ва 6 та халқаро ҳамкорлик лойиҳаси амалга оширилди.
– Айни симпозумларни ўтказишдан кўзланган асосий максад илм-фаннинг замонавий жаҳон андозаси ва тенденциясига мос келадиган, сифат жихатидан янги ривожланиш даражасига ўтишига кўмаклашиш, – дейди Фанлар академияси вице-президенти Бахтиёр Ибрагимов. – Бу каби тадбирлар энг нуфузли хорижий илмий даргоҳлар – академиялар билан ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш, ёш кадрлар малакасини ошириш, илм-фан соҳасидаги энг сўнгги янгиликлар, истиқболли ғоялар ҳақида батафсил маълумот олиш имконини беради.
[gallery-14378]
Симпозиумда етакчи олимлар маърузалари тингланиб, турли мавзулар ҳар томонлама муҳокама қилинади. Материаллар юзасидан давра суҳбати, мунозара олиб бориб, полимерлар ҳақидаги нано фан соҳасида Россия ва Ўзбекистон ютуқлари таҳлил қилинади. Бу полимерларни олиш, қайта ишлаш ва қўллаш борасида иш юритаётган корхона, компанияларнинг илмий ишланмаларга нисбатан эҳтиёжини билиш, мутахассисларимизнинг фан, таълим ва тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишга замин яратади.
Икки кун давом этадиган илмий анжуман дастурида ўттизга яқин маъруза тақдим қилиниши кўзда тутилган.
Гўзал Сатторова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА