Бухоро вилояти Қоракўл туманида “Пойкент” маҳалла фуқаролар йиғинида замонавий поликлиника иш бошлади.
Ҳудудда яшовчи 7 мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келаётган мазкур 52-сонли оилавий поликлиника янгидан қуриб фойдаланишга топширилди. Унинг қайта бино этилишига маҳаллий бюджет ҳисобидан 2,8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфлангани натижасида поликлиника мутлақо янги кўринишга кирди.

Поликлиниканинг янги биносида кенг ва ёруғ хоналар, аёллар, болалар ҳамда кексалар учун алоҳида қабул бўлимлари, шунингдек, стоматология, лаборатория ва кундузги стационар хоналари шай қилинган. Айни пайтда муассаса кундалик қуввати 100 қатновга мўлжалланган бўлиб, бу ерда 5 турдаги мутахассис, 8 нафар шифокор, 8 нафар патронаж ҳамшираси, жами ўттиздан ошиқ тиббиёт ходими аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Тиббиёт поликлиникаси очилиш маросимида туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, тиббиёт ходимлари иштирок этди. Ҳозирда маҳаллий аҳоли соғлиғи, айниқса, ёшлар, аёллар ва кексалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларни сифатли тиббий хизмат билан таъминлашда тиббиёт поликлиникаси ўрни ва аҳамияти катта. Шу билан бирга, ҳар бир фуқаронинг соғлом турмуш тарзига амал қилиши, спорт билан шуғулланиши, тўғри ва соғлом овқатланишига эътибор қаратиши турли касалликлар олдини олишда муҳим саналади.

Поликлиника рамзий алвон лентаси қирқилгач, йиғилганлар унда яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишди. Талаб даражасида жиҳозланган тиббиёт поликлиникасининг ишга туширилиши нафақат ҳудуд аҳолисини, балки қўшни ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари учун ҳам қулайлик яратмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.