Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Полиграфия ва қадоқлаш саноатидаги энг сўнгги ютуқлар намойиш қилинди
17:53 / 2016-09-16

Пойтахтимизда “Полиграфия ва қадоқлаш – O’ZBEKinPRINT – O’ZuPACK – 2016” ҳамда “Кимё ва пластмасса саноати – Chemie & Plastex Uzbekistan – 2016” халқаро кўргазмалари бўлиб ўтди.

Пойтахтимизда “Полиграфия ва қадоқлаш – O’ZBEKinPRINT – O’ZuPACK – 2016” ҳамда “Кимё ва пластмасса саноати – Chemie & Plastex Uzbekistan – 2016” халқаро кўргазмалари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ва “ITE Uzbekistan” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмаларда турли мамлакатлардан элликдан ортиқ компания қатнашди.

“Полиграфия ва қадоқлаш – O’ZBEKinPRINT – O’ZuPACK – 2016” ўн саккизинчи халқаро кўргазмасида тармоқдаги энг сўнгги ютуқлар намойиш қилинди. Босма маҳсулотлар тайёрлаш учун ихчам технологиялар, йирик чоп этиш ускуналари, иккиламчи материаллар, буёқ маҳсулотлари ҳамда компанияларнинг дастурий маҳсулотлари кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Иштирокчи компаниялар босма маҳсулотларга бўлган буюртмаларни кичик, ўрта ва оммавий тиражда тайёрлаб беради. Бу миллий иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги йирик саноат объектлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун жуда қулайдир.

Бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистонда 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришда тузилмавий ўзгаришлар, модернизация ва диверсификациялашни таъминлашга қаратилган лойиҳалар бўйича 410 дан зиёд янги корхона ташкил этиш ҳамда 450 дан ортиқ корхонани модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш мўлжалланмоқда.

– Икки йилдан буён лазерли ускунада ишлов бериш орқали матбуот, озиқ-овқат ва фармацевтика саноати учун қолиплар, қутилар ишлаб чиқараётирмиз, – дейди Яккасарой туманидаги “Greencode lazer” масъулияти чекланган жамияти директори Жўрабек Султонов. – Қўшимча равишда турли сувенирлар, шахмат ва шашка тахтаси, тақинчоқлар учун махсус ишлов берилган қутилар ҳам тайёрлаяпмиз.

“Кимё ва пластмасса саноати – Chemie & Plastex Uzbekistan – 2016” халқаро кўргазмасида таклиф этилган маҳсулотлар ва ускуналар ўзига хослиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, пластмассалар ва полимерлар индустрияси йил сайин мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. Чунки пластмасса қимматбаҳо металлар, бетон ва ёғоч конструкциялар, пўлат ўрнини босиб, материалларни тежаш, таннархни арзонлаштиришда қўл келади.

– Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларимизни мустаҳкамлашда ушбу кўргазмаларнинг аҳамияти катта бўлмоқда, – дейди Ҳиндистоннинг “Omega Plasto Compounds” компанияси бош директори Камал Арора. – Чунки унда қатнашиб, янги ҳамкорлар топишга муваффақ бўлаяпмиз. Биз мазкур кўргазмаларда кимё саноати учун модификацияланган қўшимчаларни таклиф этдик. Улар кўмагида полиэтелин пакетлар, бир марталик пластмасса идишларнинг сифати яхшиланиб, қаттиқлиги ва қалинлиги таъминланади. Қўргазмалар биз учун самарали бўлиб, йигирмадан ортиқ шартнома имзолашга эришдик.

Кўргазмаларда Германия, Хитой, Корея Республикаси, Тайван, Ҳиндистон ва бошқа давлатлардан йирик компаниялар ўз маҳсулотлари, хизматлари билан иштирок этди.

– Корхонамиз аква эшик ва ромлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган, –дейди Самарқанд туманидаги “Нафосат” кичик корхонаси раҳбари Исомиддин Шарипов. – Томчилатиб суғориш технологияларига талаб ошгани боис биз ҳам фаолиятимизни янада кенгайтириш чора-тадбирларини кўраётирмиз. Шу мақсадда кўргазмага келиб, бизга керакли бўлган замонавий технологияни топдик. Хитойда ишлаб чиқарилган томчилатиб суғоришда керак бўладиган эҳтиёт қисмлар ва трубаларни тайёрлайдиган бу ускунани кредит ҳисобидан харид қилиш учун шартнома имзоладик.