Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши ташаббуси билан бир марталик полиэтилен пакетлардан воз кечиш ва эко-сумкалардан фойдаланишни тарғиб қилишга қаратилган “Эко-сумка” челленжи ўтказилди.
Тадбир Мирзо Улуғбек туманининг Ал-Фаробий маҳалласи ҳамда “Эко-бозор” ҳудудларида ўтказилиб, аҳоли ҳамда харидорларга кўп маротаба фойдаланишга мўлжалланган экологик тоза сумкалар тарқатилди.
Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад аҳоли ўртасида бир марталик полиэтилен пакетларнинг табиатга салбий таъсири ҳақида тушунча бериш, қайта ишлатиладиган матодан ишланган эко-сумкалардан фойдаланиш маданиятини шакллантириш ҳамда маҳаллаларда экологик масъулиятни оширишдир.

Челленж давомида партия вакиллари ҳамда волонтёрлар томонидан аҳоли ҳамда харидорларга полиэтилен пакетларнинг экологик зарари, эко-сумкаларнинг афзалликлари ҳақида тушунтиришлар бериб ўтилди.
Таъкидлаш лозимки, полиэтилен пакетлар атроф-муҳит ва инсон саломатлигига бир қатор салбий таъсир кўрсатади. Жумладан, атроф-муҳит ифлосланишига “катта ҳисса қўшади”. Маълумотларга кўра, полиэтилен жуда секин — тахминан 100-500 йилгача парчаланади. Шу сабабли у тупроқни ифлослайди, дарё ва денгизларга тушиб сувни заҳарлайди, шаҳар ва қишлоқларда чиқинди муаммосини кучайтиради.

Вақт ўтиши билан пакетлар майда заррачалар — микропластикка айланади. Бу заррачалар сувга, озиқ-овқатга, ҳатто инсон организмига тушиши мумкин.
Полиэтилен ёқилганда ёки нотўғри қайта ишланганда заҳарли газлар чиқаради. Бу ҳаво ифлосланишига, нафас йўллари касалликларига сабаб бўлиши мумкин.
Пластик пакетларни қайта ишлаш эса қийин ва харажати юқори. Кўп ҳолларда улар қайта ишланмайди ва чиқинди полигонларида тўпланиб қолади. Шу боис, пластик пакетлардан воз кечиш ва мато ёки қоғоз сумкалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Муҳтарама Комилова, ЎзА