Ўзининг қувноқ шеърлари, завқли қўшиқлари, қизиқарли достон ва эртаклари билан адабиёт ихлосмандлари, хусусан, ёш авлод қалбидан жой олган Пўлат Мўмин ижоди бугун ҳам ўз завқи билан тилларда янграмоқда.
У 1922 йил 24 декабрда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Пўлат Мўмин Тошкент Давлат педагогика институтини тугатиб, фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган.
1948-1950 йилларда газеталарда адабий ходим, 1951-1952 йилларда Ўзбекистон Давлат нашриёти болалар адабиёти бўлимининг мудири бўлиб ишлайди. 1954-1960 йилларда Ёзувчилар уюшмасида, 1962-1964 йилларда Маданият вазирлиги қошидаги Санъат ишлари бошқармасида хизмат қилади.
1949 йилга келиб унинг “Сайранг, қушлар” номли илк тўплами чоп этилади. Кетма-кет “Бўл тайёр!», “Тиш чўткаси эртаги”, “Ҳунардан унар”, “Тўғри ўсган гул бўлар”, “Ақл қаерда бўлар?», “Олтин най”, “Раҳматга раҳмат” номли тўпламлари нашр этилди. Унинг “Болажон, болажоним” китоби 2004 йилда китобхонлар қўлига тегди. Бу тўпламларнинг ҳаммасида ёшларнинг беғубор руҳий дунёлари, қалб ҳарорати ва изтироблари ифодаланган.
Пўлат Мўмин драматург сифатида ҳам “Қовоқвой ва Чаноқвой”, “Суқатой ва Конфетой”, “Баҳодирнинг жасорати” каби асарларини яратган.
У, айниқса, моҳир қўшиқчи шоир сифатида элга танилган. “Индамади”, “Онадур ул, онадур”, “Сенга бир гап айтаман” каби ўнлаб қўшиқлари ўзининг содда ва равонлиги, мусиқий ва халқчиллиги билан халқимиз юрагидан ўрин олган.
Пўлат Мўмин шеъри билан айтилган “Устозлар” қўшиғи ўқитувчиларни мадҳ этгувчи мадҳияга айланган, дейиш мумкин. Устозлардан миннатдорлик ҳисси қўшиқни тинглаган ҳар қандай қалбга ҳам шундоққина кўчади.
УСТОЗЛАР
Меҳр нури ёғар доим кўзингиздан, устозлар,
Юрсам дейман шу табаррук изингиздан, устозлар.
Чин инсонлик китобига бахту ҳикмат битибсиз,
Одоб ила билим олдим сўзингиздан, устозлар.
Қалбингизнинг йўқ ғубори, меҳрибонсиз шунчалар,
Қуёш олмиш ҳароратин юзингиздан, устозлар.
Фан боғининг боғбонисиз, чароғбонсиз кўнгилга,
Минг эҳтиром ўғлингиздан қизингиздан, устозлар.
Жой олдингиз бир умрга шогирд юрак тўридан,
Мўмин ҳаёт дарсин ўқир ўзингиздан, устозлар.
Пўлат Мўмин моҳир таржимон сифатида А.Пушкин, В.Маяковский, С.Маршак, С.Михалков, А.Барто, Н.Носов асарларини она тилига ўгирди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пўлат Мўминнинг адабиётимиз олдидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланган. У 1998 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.
Абдулазиз РУСТАМОВ тайёрлади, ЎзА