Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пўлат Мўмин таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира кечаси ўтказилди
19:00 / 2022-12-21

Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, Давлат мукофоти совриндори Пўлат Мўмин таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира кечаси ҳамда “Сўзнинг қаймоғи” шеърлар тўплами, “Ўзбек қўшиқ шеърияти султони” хотира китобларининг тақдимоти ўтказилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, адабиётшунос олим Раҳматилла Баракаев, уюшманинг Болалар адабиёти кенгаши раиси Ориф Тўхташ  ва бошқалар атоқли ижодкор Пўлат Мўмин ижоди, инсоний фазилатлари, ёрқин хотиралари хусусида батафсил сўз юритдилар.  

– Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида 2023 йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилинди, – деди Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Инсонга эътибор, деганда унинг хотирасини азиз билиш ва эътибор кўрсатиш ҳам назарда тутилади. Бундан кейин ҳам устоз ижодкорлар анъаналарини давом эттириш керак. Болалар адабиёти олдида ҳали қарзимиз кўп. Негаки, уюшманинг Болалар адабиёти кенгаши ишини янада кучайтириш зарур. “Болалар кутубхонаси”, “Мактаб кутубхонаси” туркумидан китоблар чоп этишни, бу китобларни мактабларга тақдим этишни кенгроқ йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Айни пайтда Пўлат Мўминнинг “Сайланма” китоби нашрга тайёрланмоқда. Устозлар хотираси олдида доим бурчилимиз.  

– Бу даврага Пўлат Мўминни соғиниб келган мухлислар йиғилганидан жуда хурсандман, – деди адабиётшунос олим Раҳматилла Баракаев. – Пўлат Мўминни болалар ва катталар шоири, таржимон, насрда ҳам муваффақиятли қалам тебратган ижодкор деб аташга ҳақлимиз. Ўтган асрнинг 70-йилларида ёшгина хонанда “Меҳр нури ёғар доим юзингиздан, устозлар” қўшиғини айтиб чиқди. Санобар Раҳмонова ижросидаги бу қўшиқнинг шеъри Пўлат Мўмин қаламига мансубдир. Бу қўшиқ ҳамон устозларга мадҳия сифатида янграмоқда. Шоирнинг ижоди қўшиқчилик санъатида ҳам мухлислар қалбида яшаб келмоқда. Унинг 50 дан ортиқ шеърий тўплами бор. Уларни чоп этиш вақти келди. Шоир барчанинг дилидан, тилидан тушмай келмоқда.  

– Пўлат Мўминнинг “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони соҳиби бўлгани кўпчиликни ҳайрон қолдиради, – деди уюшманинг Болалар адабиёти кенгаши раиси Ориф Тўхташ. – Чиндан ҳам Пўлат Мўмин кўплаб насрий асарлари, болалар учун пьесалари бор эдики, бунинг учун ижодкор “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвонига мушарраф кўрилган эди. Болаларга аталган бу пьесалар юртимиз театрларида катта муваффақият билан саҳналаштирилган. Айни пайтда устоз ижодкор моҳир таржимон сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатган. Унинг шеърларида одоб, тарбия, маърифат, билимга чорлов устувор ўрин эгаллайди.  

Маълумотларга кўра, Пўлат Мўмин 1922 йили 24 декабрда Тошкент шаҳрида таваллуд топган эди. Дастлаб педагогика билим юртини, сўнг Низомий номидаги Тошкент педагогика институтини тугатиб, ўқитувчилик қилган эди. “Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи”) газетасида адабий ходим, Ўзбекистон давлат нашриётида бўлим мудири, Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи, Маданият вазирлиги қошидаги Санъат ишлари бошқармасида драматургия бўйича бош муҳаррир бўлиб ишлаган.  

Илк шеърлар тўплами “Сайранг, қушлар” китобидир. Шундан кейин унинг “Тонг куйлари”, “Олтин бошоқлар”, “Тиш чўткаси эртаги”, “Ҳунардан унар”, “Тўғри ўсган гул бўлур”, “Ақл қаерда бўлар”, “Яхшиларга ўхшасам”, “Раҳматга раҳмат!”, “Эсон ва Омон”, “Эртақдан эртакка”, “Эртаклар яхшиликка етаклар”, “Юрак завқу дардларим, айтар байту фардларим”, “Буғдой бобо”, “Болажон, болажоним” ва бошқа болаларга аталган тўпламлари чиққан. “Кулди хиёл”, “Гул ва пиёз”, “Қўшиқ айтиб” сингари қўшиқлардан ташкил топган китоблари нашр этилган.  

Манбаларга кўра, Пўлат Мўмин мумтоз ўзбек адабиёти анъаналарини давом эттириб, ғазал, туюқ, фард жанрларида ҳам кўплаб асарлар яратган. Унинг 500 дан зиёд қўшиқлари ғазал жанрида ёзилган.  

Пўлат Мўминнинг “Қовоқвой билан Чаноқвой”, “Суқатой ва Конфетвой”, “Баҳодирнинг ботирлиги”, “Она болам дейди, бола онам дейди”, “Оқ фил йўқолди”, “Туяқуш-бояқиш”  пьесалари республика театрларида саҳналаштирилган. Устоз ижодкор Пушкин, Маяковский, Маршак, Михалков, Барто ва бошқа рус ёзувчиларининг болаларга бағишланган асарларини ўзбек тилига таржима қилган.  

Тадбирда шоир ижоди хусусида батафсил сўз юритилди. “Академнашр”да чоп этилган “Ўзбек қўшиқ шеърияти султони” китоби Пўлат Мўминнинг ижоди, ҳаёти, одамийлик қирралари ҳақида ҳикоя қилади. Хотира китобини Озод Мўмин Хўжа ва Табассум Мўминова нашрга тайёрлаган. Шоирнинг 100 йиллик таваллуди муносабати билан “Энциклопедия” нашриётида чоп этилган “Сўзнинг қаймоғи” китоби болалар учун муносиб туҳфадир. Тўпламда Пўлат Мўминнинг энг сара назмий намуналари жамланган. Уни Наима Анварова нашрга тайёрлаган.  

Хотира кечасида шоир шеърларидан намуналар янгради. Унинг олижаноб инсоний фазилатлари, шеърларининг тарбиявий аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди.  

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири