Хабар қилинганидек, бугун Қашқадарё вилояти прокуратурасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суд ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида MMA жангчиси Элбек Раҳимов ўлдириб кетилгани билан боғлиқ тўлиқ маълумот берилди.
Унда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳолат юзасидан қуйидагиларни гапириб берди:
– Ушбу мудҳиш қотилликда гумонланувчиларнинг ижтимоий портретига эътибор қаратадиган бўлсак, икки нафари илгари судланган. Асосий гумонланувчининг отаси ўз укасининг хотинини ўлдириб, қамоққа олинган. Яна бирининг онаси узоқ муддатга уйдан чиқиб кетган, бошқасининг ота-онаси ажрашиб кетиши оқибатида қаровсиз қолиб қариндошлари қўлида ўсган. 2000 йилда туғилган йигитнинг отаси 2012 йилда вафот этган. Онаси Россия Федерациясига турмушга чиқиб кетган.

Яъни ота йўқ она ишлашга кетган. Тарбияни кўчада олган. Энг ёмони, уларнинг орасида вояга етмаган мактаб ўқувчиларининг ҳам борлиги ачинарли. Масалан улардан бири 2005 йилда Қарши шаҳрида туғилган вояга етмаган 11-синф ўқувчиси. 2009 йилда ота-онаси ажрашган ва иккаласи ҳам бошқа турмуш қурган ва бола бувисининг қўлида қолган. Яна бири 2004 йилда туғилган мактаб ўқувчиси. Унинг отаси ҳам жиноят қилгани боис жавобгарликка тортилган. Хуллас, кўча тарбиясини олиб катта бўлишмоқда улар. Шу боис бундай носоғлом муҳитда ўсаётган ёшларнинг тарбиясига жуда эҳтиёт бўлишимиз керак. Бунда нафақат ички ишлар ходимлари балки бошқа ташкилотлар ҳам ҳушёрликни ошириши, доимий назоратни олиб бориши зарур, деб ўйлайман.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА