Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, истеъдодли шоира ва журналист Зебо Омонованинг “Янги китоб” нашриётида чоп этилган “Зангори дил” шеърий тўплами тақдимотига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Тадбир “Қанот” лойиҳаси доирасида ўтказилди.
100 га яқин энг сара шеърлар ўрин олган мазкур китоб муаллифнинг соф ва нурли муҳаббати, дилидаги энг самимий кечинмалари, покиза нафаси, инсониятга бўлган адоқсиз меҳр булоғининг ёрқин рамзидир.
Шоира чиндан ҳам доим юксаклик сари интилган, ҳаётнинг синовли қисматига бардош бера олган, том маънодаги матонатли аёл тимсолидир. У ўзининг умр йўлларида орттирган тажрибаси, идрок ва тасаввурлари, хулосаларини дилбар ва нафис тарзда ифодалайди.
Мисол учун, озодлик қадри тобора ортиб бораётган ҳозирги мураккаб давримизда шоиранинг “Ватан”ни қалб меърожидаги муқаддас Каъбага қиёслаши, “Англаш” шеърида эса “Англадим, мен сенсиз ҳеч кимман, Ватан!” дея иқрорлик келтириши ҳар бир миллатдошимиз, айниқса, ёшлар учун маънавий ўгит каби янграйди.
Муаллифнинг “Она”, “Ҳаёт синовлари”, “Руҳим”, “Кимман?” “Ичиккан ўзлик”, “Хотирлаш”, “Изтироб”, “Қалбим боғлари”, “Тафаккур кемаси” каби шеърлари ўқувчи қалбини беихтиёр ўзига ром қилади, мудраб ётган гўзал ҳисларни уйғотади, ўзини тафтиш қилаётган инсон қиёфасининг турли қарашлари ва ранг-баранг чизиқларини намоён этади.
Китобда тафаккури кенг аёлнинг фусункор қалбидаги чуқур эврилишлар гўзал поэтик ва мураккаб психологик тадқиқ шаклида баён этилади. Дунёнинг кўплаб юртларида бўлиб, турли элу элатлар бой маданиятлари, тарихи ва замонавий ҳаёт тарзи билан яқиндан танишган шоиранинг кечинмалари “Анқара”, “Истанбул”, “Афғон осмонида”, “Маккада”, “Ўскеменлик дўстларимга” каби ижодида теран аксланади.
Унинг шеъриятда инсоний туйғуларнинг ўзига хос нозик хилқатлари, беғубор болалик ҳаяжонлари бўртиб туради.
– Шеърият ёқимли бир журъатдир. Зебо Омонованинг бу китоби назаримда, шеър тўпламигина эмас, балки умр китоби, сал илмийроқ тилда айтадиган бўлсак, умр тезислари – умр ҳикматларидан тартиб берилган сўлмас гулдастадир, – дейди китобга сўзбоши ёзган таниқли шоир Вафо Файзуллоҳ. – Шеърни истаганча таҳрир қилиш мумкин, аммо умр йўлида яралган гўзал тажриба ва чин ҳақиқатларни таҳрир қилиб бўлмайди. Улар ҳақиқий ҳаётнинг ўзидай бетакрор-да! Ҳаёт ҳикматларини ақл ўйинлари тўқиёлмайди, балки қисмат бўронлари инъом этади!
Таъкидлаш ўринлики, Зебо Омонова томонидан миллатимизнинг ҳассос ва оташин шоири, ҳаётни эрта тарк этган турмуш ўртоғи Чори Авазнинг ижоди ва шахсиятига нисбатан кўрсатилаётган чексиз эҳтиром ва эътибор, доимий рағбат сабабли у қолдирган салмоқли бадиий мерос нафақат юртимизда, балки хорижий давлатларда, хусусан, Миср, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистонда ҳам юксак эъзоз ва қадр топиб, кенг тарғиб этиб келинмоқда.
Шу маънода сўнгги 30 йиллик умрини Чори Авазнинг ижодини фаол тараннум этишга бағишлаган жонкуяр ва фидойи муаллиф шеъриятнинг чин ошиғи, шоирнинг садоқатли ва вафоли рафиқаси сифатида ҳам албатта, алоҳида эътироф этишга муносибдир.
[gallery-27243]
Зебо Омонова 1962 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган. 1985 йилда Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факультетини тугатган. Узоқ йиллар Қарши шаҳридаги “Насаф” нашриётида муҳаррир, “Эко олам пресс” газетасида масъул котиб бўлиб ишлаган. Ҳозирги вақтда нуфузли нашриётлардан бирида муҳаррир сифатида фаолият кўрсатмоқда.
Унинг ҳозирга қадар “Руҳим боғлари” шеърий тўплами, болажонлар учун “Топамиз, тез айтамиз” топишмоқлар ва тез айтишлар китоби нашрдан чиққан. Республика газета ва журналларида қатор шеърлари, адабий мақола ва эсселари чоп этилган.
Тақдимот тадбирида Зебо Омонованинг ижоди, фаолияти, унинг янги китоби хусусида атрофлича сўз юритилди.
Н.Усмонова,
Ойбек Пардаев (суратлар), ЎзА