Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Покистонлик экспертлар янги таҳрирдаги Конституция билан танишди
10:24 / 2023-04-13

Маълумотларга кўра, сўнгги 50 йил ичида Покистоннинг 1973 йилда қабул қилинган Конституциясига 23 марта ўзгарган. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, чунки ҳар қандай давлатнинг асосий қонунига ўзгарувчан талабларга жавобан, тузатиш киритиб борилади. Покистон билан бир вақтда мустақилликка эришган Ҳиндистон конституциясини 105 марта ўзгартирган.

Тошкентда бўлиб ўтган “Конституциявий ислоҳот: Ўзбекистон ва Покистон тажрибаси” мавзусидаги давра суҳбатида шу ҳақда сўз борди.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Барқарор ривожланиш маркази, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Мазкур мулоқотдан кўзланган мақсад Ўзбекистон ва Покистонда конституциявий ривожланиш, конституциявий ислоҳотни амалга ошириш тажрибасини қиёсий таҳлил қилиш, жумладан жамият ва давлат ҳаётида оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш каби масалалар бўйича тажриба алмашишдан иборат эди.
Офлайн ва онлайн шаклда ўтган учрашувда Покистон парламенти аъзолари, экспертлари ҳамда Ўзбекистон ННТ вакиллари ва ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.

– Анжуманда “Покистонда конституциявий ислоҳотлар: асосий тенденциялар ва ривожланиш истиқболлари” мавзусидаги маърузам билан қатнашдим,– деди Покистон газеталари бош муҳаррирлари кенгаши вице-президенти Тоҳир Фаррух. – Юртингизга жуда кўп келганман. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жадал олиб борилаётган ислоҳотларни юксак баҳолайман. Бу ташаббуслар юртингиз обод, барқарор мамлакат сифатида тараққий этишида самара беришига ишонамиз.

Миллий ва хорижий мутахассислар аҳолининг сайлов маданиятини юксалтириш, конституциявий ислоҳотни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтиришнинг аҳамияти хусусида фикр алмашдилар. Дарҳақиқат, бугунги кунда Конституциямиз ва қонунларимиз талабига кўра, сўз, ахборот, эътиқод, фикр ва ғоя эркинлиги ҳамма фуқароларга тегишли. Фуқароларнинг бу борадаги конституциявий ҳуқуқини таъминлаш – ривожланган демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим шартидир.

Давра суҳбатида покистонлик экспертлар янги таҳрирдаги Конституцияга киритилиши таклиф этилаётган нормалар билан танишди. Ўзгаришларнинг аксарияти инсон ҳуқуқи ва эркинлигини ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, айни йўналишдаги механизмни мустаҳкамлашга қаратилгани алоҳида урғуланди.

Тадбир якунида Янги Конституция қабул қилиниши “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқ фаровонлигини янада ошириш, давлат ва фуқаролик жамиятини жадал ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратишига ишонч билдирилди.

Гўзал Сатторова,

ЎзА