Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Покистонлик экспертлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари муҳокама қилинди
10:01 / 2023-07-21

«Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан Покистоннинг «Умумий келажак жамияти» таҳлил маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг натижаларига бағишланган онлайн халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда асосий маърузачи сифатида иштирок этган «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков сўзга чиқиб, конференция иштирокчиларини Конституциявий ислоҳотлар доирасида Ўзбекистонда муддатидан олдин Президентлик сайловини ўтказиш учун яратилган зарур шарт-шароитлар ва сайлов натижалари билан таништириб ўтди.  

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сайловчилар рўйхатига киритилган 19 миллион 593 минг 838 нафар фуқародан 15,6 миллиондан зиёди ёки 79,88 фоиз сайловчи ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиб, овоз берди. Бу кўрсаткич, энг аввало, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳоли томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган вазифаларнинг амалдаги рўёбидир.  

Сайловда овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 87,05 фоизи Ўзбекистон либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияларидан кўрсатилган номзод Шавкат Миромонович Мирзиёевга овоз берди.  

Шунингдек, Э.Туляков ўз нутқида Президентлик сайлови Ўзбекистон конституцияси ва Сайлов кодексига тўлиқ мувофиқ равишда тенглик, шаффофлик ва ошкоралик ҳамда демократик тамойилларга асосан бўлиб ўтганини, хусусан, бунда халқаро кузатувчилар учун ҳам қулай шароитлар яратилганини қайд этди.  

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентлик сайловларига Покистондан халқаро кузатувчилар сифатида ташриф буюрган экспертлар ҳам ўз маърузалари билан иштирок этди.  

Хусусан, Покистоннинг «Умумий келажак жамияти» таҳлил маркази ижрочи директори Холид Таймур Акром ўз нутқида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси шаффоф, ошкора ва адолатли сайловларни таъминлаш борасида улкан ишларни амалга оширганини эътироф этди. Шунингдек, Холид Таймур Акром сайлов участкаларида овоз бериш кунида такрорий овоз бериш ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида замонавий технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда фуқароларни рўйхатга олиш ва сайловчиларни қайд этиш самарали йўлга қўйилганини таъкидлаб ўтди.  

Бир сўз билан айтганда, тадбир иштирокчилари нафақат юртимиз, балки хориждаги Ўзбекистон фуқаролари сайлов ҳуқуқини амалга ошириши учун ҳар томонлама шароит ва имкониятлар яратилиб, жараён сайлов қонунчилиги талаби асосида ташкил этилганлигини эътироф этди.  

 

ЎзА