English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Покистонлик экспертлар иштирокида конституциявий ислоҳотлар муҳокама қилинди
19:31 / 2022-08-11

“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан покистонлик ҳамкорлар билан “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган янги конституциявий ислоҳотлар таҳлили” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ахборот хизматидан маълум қилинишича, унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Покистон “Умумий келажак жамияти” тадқиқот маркази экспертлари, Исломобод Олий суди вакиллари, ҳуқуқ, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар соҳасидаги маҳаллий ва хорижий мутахассислар ҳамда  илмий доира вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида бугунги кунда Ўзбекистонда кечаётган ижобий ўзгаришлар муҳокама қилиниб, ислоҳотларнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш юзасидан фикр-мулоҳаза алмашилди.

Шунингдек, тадбирда маҳаллий маърузачилар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳамда конституциявий ислоҳотларнинг барча босқичлари бўйича маълумот берилди.

Тадбирни модератор сифатида бошқариб борган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз нутқида Конституциявий қонун лойиҳасида назарда тутилган энг асосий нормаларга тўхталиб ўтди.

Жумладан, Э.Туляков Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти, “Инсон – жамият – давлат” тамойили ва “Инсон қадри учун” ғоясини илгари суришни назарда тутувчи мамлакатнинг асосий қонунига киритилаётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти, конституциявий кафолатлар ва қонун устуворлигини таъминлаш, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун ислоҳотларнинг шартлари тўғрисида гапириб ўтди.

Шу билан бирга, давра суҳбатида Конституциявий қонун лойиҳасида фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқлари, хусусий мулк, иқтисодий фаолиятнинг эркинлигини ҳимоя қилишга оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётганлиги ҳамда ушбу ўзгартиришлар халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси, Конституциявий комиссия аъзоси Жаҳонгир Ширинов конституциявий ислоҳотларнинг барча босқичлари ҳамда ушбу жараёнда кенг жамоатчиликнинг иштироки юзасидан маълумот бериб ўтди.

Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Конгратбой Шарипов Конституциявий ислоҳотларнинг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги аҳамияти қанчалик муҳим эканлигини эътироф этди.

Ўз навбатида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар жараёни бўйича покистонлик мутахассислар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Хусусан, Покистон “Умумий келажак жамияти” тадқиқот маркази ижрочи директори Холид Таймур Акрам ўз нутқида Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг сўнгги йиллардаги динамикасини алоҳида эътироф этди.

– Ўтган беш йилда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонни минтақадаги муҳим давлатга айлантириш, шу билан бирга, халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш борасида муайян натижаларга эришилди. Хусусан, Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан нафақат Марказий Осиё, балки Евроосиё минтақасида жадал ривожланаётган давлатлардан бирига айланди. Бу эса ташқи сиёсатда ўзаро минтақавий боғлиқликни ривожлантириш, жумладан, Марказий ва Жанубий Осиё мисолида, шунингдек, ички сиёсатда давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро алоқани мустаҳкамлаш жараёнларида ҳам яққол кўзга ташланмоқда, – деди Холид Таймур Акрам.

Экспертнинг фикрича, мазкур бошланган ислоҳотларни изчил давом эттириш учун, албатта, мамлакатда Конституциявий ислоҳотларнинг ўтказилиши табиий заруратдир. Шунингдек, эксперт томонидан Конституциявий ўзгартиришларда, энг аввало, миллий қадриятлардан келиб чиққан ҳолда, фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, хусусан, мамлакат аҳолисининг асосий қисми бўлган ёшларга ҳам алоҳида урғу берилганлиги эътироф этилди.

Покистон “Умумий келажак жамияти” тадқиқот маркази ижрочи директори ўринбосари Марьям Разанинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон муҳим ижтимоий-сиёсий ўзгаришларга юз тутмоқда. Ўзбекистон Конституциясига киритилаётган ўзгартишлар мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти ривожланишига катта ҳисса қўшади.

– Конституциявий ислоҳотларда давлат бошқаруви соҳасида илгари сурилаётган ўзгартиришларга алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Мазкур жараёнларда, айниқса, жамоатчилик иштирокини кучайтириш бўйича илгари сурилаётган ташаббусларни қўллаб-қувватлайман, – деди Исломобод Олий судининг адвокати ва халқаро ҳуқуқ бўйича эксперти Муҳаммад Усама Рауф. – Айниқса, Парламент назоратини амалга оширишга оид Олий Мажлис палаталари ваколатларининг конституциявий асосларини кучайтириш бўйича киритилаётган таклифлар алоҳида аҳамиятга эга. Табиийки, Парламент фаолиятининг такомиллашуви давлатнинг бошқа институтлари самарадорлиги ортишига хизмат қилади.

Шунингдек, Исломобод Олий судининг собиқ бош адвокати Миан Абдул Рауф Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар замонавий воқеликлардан келиб чиққан ҳолда зарур эканлиги, бу ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий тараққиётни ҳаракатлантирувчи кучга айланишини таъкидлаб ўтди.

Давра суҳбати якунида икки мамлакат тадқиқот марказлари томонидан келгусида ҳам Ўзбекистон ва Покистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини биргаликда таҳлил этиш ва истиқболда ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга келишиб олинди.

ЎзА