Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Покистонда тартибсизлик: қурбонлар 9 киши
15:04 / 2023-05-11

Покистонда собиқ Бош вазир Имрон Хон ҳибсга олиниши ортидан бошланган намойишда ҳалок бўлганлар 9 нафарга етди, 290 дан зиёд одам жароҳат олгани айтиляпти.

Маҳаллий матбуотга кўра, Ҳайбер-Пахтунхва провинциясидаги намойиш чоғида етти киши, Балужистон ва Панжоб вилоятларида эса бир нафардан фуқаро ҳалок бўлган.

Хон бошчилигидаги Адолат ҳаракати партиясининг 1900 дан кўп аъзоси – ҳукуматнинг собиқ раҳбари тарафдори ҳибсга олингани маълум қилинган.

Исломободдан 3 мил шимоли-ғарбда жойлашган Тарнол шаҳрида қўзғалончилар темир йўлни бузишган. Исломобод ва Лаҳорда полиция мулкига дахл қилинган, Хайбер-Пахтунхванинг Қуйи Дир туманида ҳарбийлашган қўрғонга зарар етказилган. Лаҳорда улкан генератор портлаб кетган, хайриятки, қурбон йўқ. Шу ҳудуддаги Шадман полиция бўлимида давлат мулкига, полиция машиналарига ҳужум уюштирилди.

Мамлакат бўйлаб 200 дан зиёд полициячи тан жароҳати олди, хавфсизлик кучларининг кўплаб хизмат машиналари яроқсиз ҳолга келди.

Ҳукумат тартибсизликни бостириш учун пойтахт Исломободга қўшин киритди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, Покистоннинг собиқ Бош вазири ва мухолифатдаги “Адолат ҳаракати” партияси етакчиси Имрон Хон 9 май куни Исломободда ҳибсга олинди. Ўтган йил август ойида унга айблов эълон қилиниб, Терроризмга қарши кураш қонунининг 7-моддасига асосан полиция ва суд идораларига таҳдид бўйича иш очилган. Адвокат Файсал Чоударининг айтишича, сиёсатчига нисбатан жами 90 дан ортиқ жиноий иш қўзғатилган.

Покистон Вазирлар Маҳкамасининг собиқ раҳбари 2022 йил 10 апрелда ишончсизлик билдирилиши натижасида лавозимидан айрилган эди.

ЎзА