Покистонда сел 7 кишининг умрига зомин бўлди
Покистон шимоли-ғарбида, Хайбер-Пахтунхва провинциясида кучли ёғингарчилик ортидан ҳосил бўлган сел натижасида камида етти инсон ҳалок бўлди, 16 киши жабрланди. Бу хабарни “Синьхуа» агентлиги ҳудуддаги табиий офат оқибатларини бартараф этиш бошқармасига таяниб тарқатган.
Маълум қилинишича, бахтсиз ҳодиса қурбонлари орасида вайрон бўлган уй, қулаган том остида қолган аёллар, болалар бор. 20 га яқин бино бутунлай яроқсиз ҳолга келган ёки қисман зарарланган.
Қутқарув ишлари ҳали давом этяпти. Ҳукумат кўчки, оқим туфайли беркилиб қолган бир қанча йўлларни ҳам тозаламоқда.