Ўзбекистон – Покистон алоқалари сўнгги йилларда янги босқичга чиқди. Давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари, стратегик шерикликка оид келишувлар ва ҳамкорликка оид баёнотлар буни яққол тасдиқлайди. Ҳар икки давлат минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун қатъий сиёсий ирода намойиш қилмоқда.
Асрлар давомида икки мамлакат ва халқ бир-бирининг маънавий, интеллектуал ва маданий юксалишини бойитиб келмоқда. Бу алоқалар ривожида ОАВнинг ҳам алоҳида ҳиссаси бор.
Маълумки, шу кунларда Покистон Ислом Республикаси Президентининг матбуот котиби ва ОАВ масалалари бўйича маслаҳатчиси Муртазо Солангий бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди. Меҳмонлар диёримизга ташрифи доирасида дастлаб кўҳна ва боқий Бухорони зиёрат қилишди. Шунингдек, пойтахтимиздаги Миллий кутубхонада ўтказилган покистонлик ёзувчи Муҳаммад Аббос Хоннинг “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс – тараққиёт концепти” номли китоби тақдимотида қатнашди. Жаноб Солангий ушбу асар ҳақида фикр билдираркан, “давлат ва сиёсат арбоби Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғояси инсониятни ҳамкорликка чорлаш, тинчлик ва мулоқот каби қадриятларга асосланган буюк ўзгаришлар лойиҳаси, шунингдек, вақт измига бўйсунмас абадий ғоялардан бири сифатида тақдим этилгани”га алоҳида эътибор қаратди.
Покистонлик мулозим мамлакатимизнинг етакчи ОАВ фаолияти билан танишиш жараёнида, жумладан, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов билан учрашди.

Суҳбат аввалида меҳмонга турли соҳалар қатори юртимиз медиа маконида юз бераётган ижобий ўзгаришлар, хусусан давлатимизнинг етакчи расмий ахборот агентлиги фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Томонлар бугунги тезкор давр талабидан келиб чиқиб, замонавий юқори технологиялар имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда, ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрликларини билдирдилар.
Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муштарак муносабат, айниқса, маданият, санъат, туризм каби соҳаларда жадал ривожланаётгани, айни жараёнда ҳар икки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида мунтазам ахборот алмашиш муҳимлиги қайд этилди.
Ўз навбатида, меҳмон мавжуд алоқаларнинг бугунги даражасини юқори баҳолаб, сўнгги йилларда ўзаро ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Икки ва кўп томонлама шериклик фаоллашишида мамлакатларимиз етакчилари ўртасида шаклланган ўзаро ишончга асосланган яқин дўстлик ҳал қилувчи аҳамият касб этаётганига урғу берди.
Покистон вакили бой тарихий ва маънавий меросга эга Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси, ислом маданияти ва илм-фани тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини чуқур ҳурмат билан эътироф этди. Шунингдек, Самарқанд ва Бухоро нафақат ислом олами дурдоналари, балки бутун минтақа маданий-маънавий маконини шакллантирган муҳим марказлар эканини таъкидлади.
– Ўзбекистонга бир неча бор келганман, 2022 йил ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши саммитида ҳам иштирок этгандим, – деди Покистон Президенти матбуот котиби Муртазо Солангий. – Самарқанддаги ўзгаришлар менда чуқур таассурот қолдирди. Бу замин бугунги кунда тарихий меросга ҳурмат ва замонавий урбанизация жараёнини уйғунлаштирган ҳолда, мамлакат тараққиёти намунаси сифатида намоён бўлмоқда.
Мулоқот чоғида томонлар кўп қиррали ҳамкорликнинг бошқа долзарб жиҳатлари бўйича ҳам фикр алмашдилар.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5DKxBtfq_HQ" title="Покистон Президентининг матбуот котиби ЎзАда " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ў.Алимов, Д.Ёқубов (видео), ЎзА