-
Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувини кенг ёритди. Жумладан, марказий “Global News Pakistan”, “Daily Spokesman” “Islamabad Post” ва “Pakistan in the World” нашрлари саҳифаларида Ўзбекистон Президенти янги форматдаги минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини кўрсатиб берганига алоҳида эътибор берилган.
Мақолаларда давлатимиз етакчиси Озарбайжон Маслаҳат учрашувлари форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қўшилганини мамнуният билан эълон қилгани, бу қарор муштарак тарих, қардошлик ришталари, маънавий ва маданий яқинлик билан узвий боғланган халқлар манфаатига тўлиқ жавоб бериши таъкидланган.

– Ўзбекистон раҳбари ушбу стратегик қадам Маслаҳат учрашувларига кучли шиддат бериши, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириши, барқарор тараққиёт масалалари бўйича ҳамжиҳатликда қарорлар ишлаб чиқиш учун янги уфқлар очишига ишонч билдирди, – деб ёзган нашрлар.
– Моҳиятан биз Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида мустаҳкам кўприк барпо этмоқдамиз, ҳамкорликнинг ягона маконини шакллантиришга йўл очмоқдамиз. Бу икки минтақанинг стратегик боғлиқлиги ва барқарорлигини кучайтириши шубҳасиз, – дея Президент Шавкат Мирзиёев сўзларидан иқтибос келтирган Покистон ОАВ.
Президент маърузасида минтақа жаҳон иқтисодиётига фаол интеграциялашаётгани, инвестиция жозибадорлиги ошаётгани, учинчи бозорларга экспорт имконияти кенгайгани ва транзит салоҳияти ўсаётгани таъкидланган. Ўтган йил минтақа мамлакатлари ўртасидаги савдо қиймати 10,7 миллиард долларга етди, Марказий Осиёга киритилган инвестициянинг умумий миқдор 17 фоиз кўпайган. Хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, терроризм, экстремизм, трансчегаравий жиноятчилик таҳдидига қарши курашиш бўйича тизимли чоралар кўрилаётганига алоҳида урғу берилган.
Покистон ОАВ ёзганидек, Шавкат Мирзиёев “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли ва Трансафғон транспорт йўлагини минтақалараро транспорт боғлиқлигининг устувор лойиҳалари сифатида қайд этди.

Ўзбекистон етакчиси сўзи якунида қабул қилинаётган ҳужжатлар ва илгари сурилаётган ташаббусларда барқарор, хавфсиз ва фаровон Марказий Осиёни барпо этишдек умумий мақсад мужассам эканини таъкидлаган:
– Алоҳида таъкидламоқчиман: бизнинг кучимиз – бирликда, муваффақият сари йўлимиз – дўстлик ва ҳамкорликда. Фақат ҳамжиҳат бўлиб, ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва стратегик ёндашувларга таяниб, эзгу мақсадларимизга эришишимиз мумкин.
Ғ.Хонназаров, ЎзА