Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ҳамроҳлигида Бухоро шаҳридаги Пойи Калон мажмуасида бўлди.
Калон минораси ва масжиди XII ва XVI асрлар оралиғида бунёд этилган. Бу обидалар Мир Араб мадрасаси билан уйғунлашиб, гўзал ансамбль ҳосил қилган. Уларнинг меъморий ечими аждодларимиз маданияти ва санъатининг яққол ифодаси сифатида бугун ҳам барчани ҳайратга солиб келмоқда.
Меҳмонлар Мир Араб мадрасаси билан танишишди. Шунингдек, мамлакатимиздаги энг қадимий ва йирик жомеъ масжидларидан бири бўлган Масжиди Калонни ҳам зиёрат қилишди.
[gallery-3135]
Олий мартабали меҳмон Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида зардўзлик, заргарлик, гиламдўзлик, каштачилик, кулолчилик маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. Ўша машҳур тоқлар бўйлаб намойиш этилаётган маҳсулотлар, бозор ва расталар Бухоронинг қадимий ҳунармандлик анъаналарини акс эттирди. Тарихий ва меъморий обидалар, халқимизнинг миллий ҳунармандлиги покистонлик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Зариф Комилов, Тохир Истатов (сурат), ЎзА