Покистон ҳукуматининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, мамлакат сув тошқинларидан 12,5 миллиард доллар атрофида зарар кўрган, деб хабар берди Geo телеканали.
Июнь ойидан буён давом этаётган муссон ёмғирлари Покистонда кучли сув тошқинларини келтириб чиқарди. Офат натижасида ҳалок бўлганлар сони 1 минг 300 кишидан ошган, 2 мингдан зиёд киши турли даражада тан жароҳати олган.
Мамлакат ҳудудининг катта қисми сув остида қолмоқда. Айниқса, Белужистон, Хайбер-Пахтунхва ва Синд вилоятларида вазият оғир. Камида 1,46 миллионта турар жой қисман ёки бутунлай вайронага айланган, 736 минг бош қорамол нобуд бўлган.
"Молия вазирлиги ҳамда режалаштириш вазирлиги, Покистон давлат банки, Даромадлар бўйича федерал кенгаш вакилларидан ташкил топган юқори даражадаги қўмитанинг ҳисоб-китобича, сув тошқинлари келтирган зарар туфайли мамлакатда қашшоқлик ва ишсизлик 21,9 фоиздан 36 фоизгача ортган", - дейилади телеканал тарқатган хабарда.
Ҳукумат манбаларидан маълум қилинишича, мамлакатнинг бу йилги молия йилида ЯИМ ўсиши 5 фоиздан 2 фоизгача пасаяди.