Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қамал остидаги Ғазода очарчилик расман тасдиқлангач, Покистон секторга 100 тонна озиқ-овқат юборди. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берган.
Қайд этилишича, Бош вазир Шаҳбоз Шариф кўрсатмаси билан Лаҳор шаҳридан ун, тайёр овқат, сариёғ, мураббо ва мевадан иборат ёрдам тўплами тайёрланиб, жўнатилди. Бу мазкур Ислом Республикаси томонидан секторга ажратилган 19-ёрдам жамланмаси бўлиб, жами етказиб берилган миқдор 1915 тоннага етди.
Айни пайт ҳарбий ҳаракат ва гуманитар ёрдам оқими жиддий чекланиши оқибатида ҳудуд очарчилик ва сув, дори-дармон, тиббий асбоб-ускуна, гигиена воситалари тақчиллиги билан тавсифланган гуманитар фалокатни бошдан кечирмоқда.
Ачинарлиси, айниқса болалар орасида очлик ортидан юз бераётган ўлим ҳолати кўпаймоқда. Маҳаллий ва халқаро доиралар ҳужумчилар “очлик ва ташналикдан қурол сифатида” фойдаланаётганини таъкидламоқда.
15 август куни эълон қилинган ҳисоботда Ғазодаги очарчилик фалокат даражаси сифатида аниқ далиллар билан тасдиқланган.
- 22 ойлик шафқатсиз жангдан сўнг сектордаги ярим миллиондан зиёд одам очлик, қашшоқлик ва ўлим билан намоён бўлаётган ҳалокатли шароитга дуч келди, - дейилган ҳужжатда.
Г.Сатторова, ЎзА