English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Покистон элчиси: Мамлакатларимиз ўртасидаги тарихий ришталар бугун стратегик ҳамкорликка айланмоқда
15:06 / 2026-01-23

Янги Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги яқин алоқалар халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик ришталар мевасидир. Айниқса сўнгги йилларда муносабатларимиз янги босқичга чиқди. Давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари, стратегик шерикликка оид келишувлар ва ҳамкорликка оид баёнотлар бу фикрни яққол тасдиқлайди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, бугун ҳар икки томон минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун қатъий сиёсий ирода намойиш қилмоқда.

Пойтахтимиздаги Марказий Осиё халқаро институтида “Ўзбекистон – Покистон: минтақалараро кўприкларни мустаҳкамлаш, ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратиш” мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбати доирасида ЎзА мухбири Покистон Ислом Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Фаруқдан мамлакатларимиз ўртасидаги бугунги алоқалар хусусида интервью олди.

– Мазкур анжумандан кўзланган асосий мақсад – академик, олим, дипломат ва сиёсий экспертларни бир жойга жамлаб, ўзаро муносабатларни янада чуқурлаштириш ғояларини ишлаб чиқиш. Зеро, юқори даражага кўтарилган алоқаларимизни янада мустаҳкамлаб, янги босқичга олиб чиқиш бугун ҳар икки томоннинг асосий мақсадига айланган.

Эътироф этиш жоиз, 2025 йил Президент Шавкат Мирзиёев таклифига биноан, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф юртингизга расмий ташриф буюриши давлатларимиз ўртасидаги ўзаро англашув ва ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлида навбатдаги дадил қадам бўлди. Ўшанда ҳукуматимиз раҳбари Ўзбекистон етакчисини Покистонга таклиф қилган эди. Ишончимиз комилки, ўзбек етакчисининг Исломободга ташрифи мавжуд шериклик кўламини янада кенгайтириб, муносабатларимизни янги босқичга олиб чиқади.

Тошкентга расмий ташриф чоғида икки ўлка етакчилари қатор муҳим қарорлар қабул қилишган. Масалан, Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмасини келгуси йилларда тўрт баробар ошириб, 2 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Шу боис ҳукуматлар, ишбилармон доиралар ўзаро савдо, ҳамкорлик ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш устида фаол ишламоқда. Давлат раҳбарлари томонидан юқори даражадаги маслаҳат кенгаши тузиш фикри ҳам маъқулланган. Аҳамиятлиси, тез орада Исломободга олий даражадаги ташриф давомида мазкур кенгашнинг илк йиғилиши бўлиб ўтади.

Ҳозиргача кўплаб натижаларга эришилган бўлса-да, ҳали қилинадиган ишлар ҳам кўп. Келгусида амалга ошриладиган умумий лойиҳалар нафақат Покистон ва Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё халқлари манфаатига хизмат қилади.

Марказий Осиё юрагида жойлашган, минтақада энг кўп аҳолига эга Ўзбекистон минтақанинг йирик иқтисодиётларидан бири сифатида барча қўшни давлатларни ўзаро боғлайди. Покистон эса 240 миллион нуфуси билан бирга тўртта денгиз портига эга. Бу бандаргоҳлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг денгизга чиқиши учун қулай имконият тақдим этади. Демак, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз икки минтақани боғлаш, шунингдек “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли каби кўплаб транспорт-коммуникация ташаббуслари учун ҳам фойдали.

Покистон ва Ўзбекистон муносабатлари дин, тарих ва маданият муштараклигига асосланган. Мамлакатларимиз Буюк ипак йўли бўйлаб шарқ ва ғарб ўртасида фикр, савдо-сотиқ алмашинуви юксалган даврларга бориб тақаладиган умумий тарихий меросга эга. Асрлар давомида икки мамлакат ва халқ бир-бирининг маънавий, интеллектуал ва маданий меросини бойитиб келмоқда.

Бугунги кунда алоқаларимиз тарихий илдизлардан қувват олиб, янада ривожланмоқда. Имом Ал Бухорий, Имом Ат Термизий сингари алломалар, Ал-Беруний, Ибн Сино, Ал-Хоразмий каби буюк зотлар муштарак тарихимиз учун умумий сиймолардир. Айниқса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур бизни чамбарчас боғлаб туради. У Ўзбекистонда шу заминнинг буюк фарзанди сифатида эътироф этилгани каби, бизнинг тарихимизда ҳам буюк давлат арбоби сифатида қадрланади.

Хуллас, бизни бирлаштириб турадиган жиҳатлар кўп. Энди ана шу тарих ва маданиятни, юксак салоҳиятни, маънавий меросни бирлаштириб, келажак авлодларга етказишимиз лозим. Яъни, халқларимиз манфаати учун ўтмишни келажак билан боғлаймиз. Умуман, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ришталар тарихан кўп қиррали хусусиятга эга. Ҳозир эса ҳар икки давлат ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичига кўтарилмоқда.

Ўткир Алимов ёзиб олди.

Фарход Абдурасулов (сурат), ЎзА