Бугун Марказий сайлов комиссиясида Покистон Сенатидаги Покистон-Ўзбекистон дўстлик гуруҳи раиси, сенатор Сармад Али бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови кузатувчиларидан иборат жамоа билан ташкил этилган учрашувни МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев олиб борди.

Мулоқот жараёнида томонлар ўртасидаги ҳамкорлик кенгайиб бораётгани, дўстона муносабат самараси ўлароқ ўзаро тажриба алмашинуви йўлга қўйилгани таъкидланди.

Шунингдек, алоқаларни изчил ривожлантириб бориш зарурлиги қайд этилди.
Меҳмонлар мамлакатимиз сайлов қонунчилигидаги янгиликлар билан танишар экан, айни йўналишдаги ижобий ўзгаришларни юқори баҳолади. Ўтаётган мазкур сайлов ҳам халқаро демократик тамойилларга тўлақонли жавоб беришига ишонч билдирди.

Таъкидлаш жоиз, кузатувчилар миссияси ва хорижий делегациялар вакиллари турли ҳудудлардаги сайлов участкаларида бўлиб, сайловни ўтказиш жараёнини бевосита кузатиб бормоқда.
Ў.Алимов,
А.Мамадаминов (сурат),
ЎзА