Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Покистон Ислом Республикасининг чарм саноати йўналишида фаолият юритувчи йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда Ўзбекистон номидан ССП раиси ўринбосари Дилшод Расулов ва “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси Акбар Султонов иштирок этди. Покистондан ташриф буюрган делегация таркибида “Alliance Plus Co.Pak Overseas Enterprises”, “Mamba Fashion”, “Jannat Leather Industries”, “Fahim Brothers”, “MD Tannery Works”, “Saeed Leather”, “Palm & Finger Co.” сингари нуфузли компаниялар раҳбарлари бор эди.

Томонлар ўзаро инвестиция имконияти, солиқ ва божхона имтиёзи, қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда Марказий Осиё ва Россия бозорларига ре-экспорт масалаларини муҳокама қилишди. Шунингдек, чарм маҳсулотларини қайта ишлаш жараёнига замонавий технологияларни жорий этиш ва малакали кадрлар тайёрлаш мавзулари ҳам кўтарилди.

Қўшма лойиҳалар амалга оширилиши икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажмини ошириши, минтақавий бозорлар учун рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўл очиши таъкидланди.
Учрашув Ўзбекистон ва Покистон иқтисодий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлиб, янги инвестиция лойиҳалари, технологиялар алмашинуви ва савдо муносабатини янада кенгайтириш учун кенг имконият очиши шубҳасиз.
М.Пирматова, ЎзА