Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Покистон – Афғонистон: Очиқ урушдан дунё хавотирда
11:30 / 2026-02-28

Покистон Афғонистоннинг “Толибон” ҳукумати билан муносабат кескинлашганини расман “очиқ уруш” деб атади.

Жума куни Кобулда портлашлар кузатилгани ҳақида хабарлар тарқалди, чегара бўйлаб қатор ҳудудларда тўқнашув давом этмоқда. Исломобод Қандаҳор ва Поктика вилоятларига ҳам зарба берганини маълум қилди.

Ушбу баёнотлар “Толибон” матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид Афғонистон Дуранд чизиғи бўйлаб Покистон ҳарбийларига қарши “кенг кўламли ҳужум амалиёти” бошлаганини айтганидан бир неча соат ўтиб янгради. Кобул ўз ҳаракатини Покистон томонидан ҳафта бошида амалга оширилган авиация зарбаларига жавоб сифатида изоҳлади.

Покистон: Сабримиз тугади

Покистон мудофаа вазири Ҳавожа Осиф “Толибон”ни мамлакат ичидаги беқарорлик ва террорчиликда айблади. Унинг таъкидлашича, Исломобод вазиятни барқарор сақлаш учун ҳам бевосита, ҳам дўст давлатлар орқали дипломатик саъй-ҳаракат олиб борган.

– Сабримиз тугади, энди очиқ уруш бўлади, қатъий чоралар кўрилади, – деган мулозим.

Афғонистон: Ватанимизни ҳимоя қиламиз

Афғонистоннинг собиқ Президенти Ҳомид Қарзой Покистон ҳужумига қарши халқ бирлашиб, юртни ҳимоя қилишини билдирди. У Исломободни ўз ташқи сиёсатига қайта назар ташлашга чақириб, “яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат йўли” танланиши зарурлигига урғу берди.

БМТ: Фуқароларни ҳимоя қилиш – устувор вазифа

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш зўравонлик кучайганидан жиддий ташвиш билдирди. Матбуот котиби Стефан Дюжаррик орқали тарқатилган баёнотда у томонларни халқаро, айниқса гуманитар ҳуқуқ талабига қатъий риоя этишга чақирди. Фуқаролар хавфсизлиги устувор эканини таъкидлади.

Эрон: Рамазонда мулоҳазага чақириқ

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароғчий Кобул ва Исломободни мулоқот орқали келишмовчиликни бартараф этишга даъват қилди. Рамазон ойи бирдамлик ва тийилиш даврилигини эслатиб, Теҳрон самарали музокарага кўмак беришга тайёрлигини билдирди.

Россия: Зудлик билан тўхташ керак

Москва томонарни чегара бўйи ҳужумларини дарҳол тўхтатишга чақирди. Россия ТИВ маълумотига кўра, можарони дипломатия йўли билан ҳал этиш мақсадга мувофиқ. Агар икки давлат рози бўлса, РФ воситачилик қилиши мумкинлиги айтилди.

Ҳиндистон: Покистон ички муаммоларини яширмоқда

Ҳиндистон ТИВ матбуот котиби Рандир Жайсвал Покистон ҳаводан йўллаган зарбани қатъий қоралади. Бу ҳаракатни Исломободнинг “ички муваффақиятсизликни ташқи омилга юклашга уриниши” дея баҳолади. Сўнгги ойларда Деҳли “Толибон” билан алоқани мустаҳкамлаган, Покистон эса Ҳиндистонни минтақадаги гуруҳларни қўллаб-қувватлашда айблаб келади.

Туркия: Минтақавий маслаҳатлашув

Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Покистон, Афғонистон, Қатар ва Саудия Арабистонидаги ҳамкасблари билан телефон орқали мулоқот қилди. Анқара можарони сўндириш, барқарорликни таъминлаш йўлларини излаяпти.

Қатар: Тинлик ўрнатизарур

Қатар ТИВ давлат вазири Муҳаммад бин Абдулазиз Ал-Ҳулайфий Покистон ТИВ раҳбари Муҳаммад Исҳоқ Дар билан суҳбатлашди. Мулоқот давомида тарангликни юмшатиш, минтақада хавфсизликни таъминлаш мавзуси кўтарилган.

Хитой: Воситачиликка тайёрмиз

Пекин чегарадаги кескинлашувдан чуқур ташвиш билдирди. Мамлакат ТИВ матбуот котиби Мао Нин ХХР ўз имконияти доирасида вазиятни юмшатиш устида иш олиб бораётганини айтди. Пекин музокарага самарали ёндашувга тайёрлигини маълум қилди.

АҚШ: Покистонни қўллаб-қувватлаймиз

АҚШ давлат котиби сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Эллисон Хукер Вашингтон Покистоннинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашига урғу берди. У томонлар билан алоқа давом этаётганини қайд этди.

Буюк Британия: Дарҳол тўхтатиш керак

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Иветт Купер кескинликдан хавотир билдирди. Лондон икки томонлама зўравонликни тўхтатиб, воситачилик асосида мулоқотга қайтишга чақирди.

Қизил Хоч: Инсонпарварлик қоидаси бузилмасин

Халқаро Қизил хоч қўмитаси раҳбари Миряна Сполярич зўравонлик кучайиши аҳолига оғир зарба бераётганини таъкидлади. Тиббиёт муассасалари тўлиқ ишлаши, ёрдам тўсиқсиз етиб бориши ва асосий хизмат кафолатланиши шартлигини эслатди.

Хулоса

Умуман, Покистон ва Афғонистон ўртасидаги янги ҳарбий қарама-қаршилик нафақат икки давлат, балки бутун минтақа хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Халқаро ҳамжамият бир овоздан вазиятни музокара йўли билан барқарорлаштиришга чақирмоқда.

ЎзА мухбири Мусулмон Зиё тайёрлади.