Ҳудудлар тозалигини сақлаш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлашнинг олдини олиш мақсадида Андижон вилоятининг турли ҳудудларига назорат кузатув камералари ўрнатилмоқда.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг тегишли буйруғига асосан Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларидаги қатор маҳаллаларга босқичма-босқич кузатув камералари ўрнатиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар Андижон шаҳрининг турли ҳудудларига 12 та назорат кузатув камераси ўрнатилган бўлса, шу кунларда яна 34 дона 360 градусли замонавий видеокузатув камералари ишга туширилмоқда. Бу жойларда ноқонуний чиқиндилар ташланишининг олдини олишга хизмат қилади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Андижон вилояти бошқармаси мутахассислари томонидан назорат кузатув камераларидан олинган видео ва фото тасвирлар таҳлил қилиниб, ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний чоралар кўриш йўлга қўйилган.
[gallery-16204]
–Белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаган фуқаролар, автомашиналар рўйхати шакллантирилиб, уларнинг манзиллари аниқланмоқда, – дейди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Андижон вилояти бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Лочинбек Исомуддинов. – Ҳудудий инспекторларимиз томонидан уларнинг яшаш хонадонларига бориб содир этилган ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берилмоқда, уларнинг хатти-ҳаракати белгиланган тартибларга зид эканлиги, атроф-муҳитга зарар келтириши тушунтирилмоқда, шунингдек, уларга нисбатан маъмурий жарималар расмийлаштирилмоқда.
Бундан ташқари, мутасаддилар томонидан белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш ҳолатларининг олдини олиш, фуқароларнинг экологик маданияти, билимларини ошириш бўйича тарғибот-тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Пок жойда барака бўлади. Уйимиз атрофи, кўча, гузар ва маҳаллаларимиз тозалиги учун нафақат мутасаддилар, балки кенг жамоатчилик, ҳар бир юртдошимиз масъулдир.
Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, амалдаги тартибларга кўра, белгиланмаган жойга чиқинди ташлаганлик учун фуқароларга 340 минг сўмдан 1 миллион 20 минг сўмгача, мансабдор шахсларга 3 миллион 400 минг сўмдан 6 миллион 800 минг сўмгача жарима белгиланган.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари