Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Поезд уч дақиқа ҳаракатлана олмаган – “Тошкент метрополитени” ДУК
15:58 / 2024-02-07

Ижтимоий тармоқларда Тошкент метроси поезди бир муддат ҳаракатлана олмай қолгани акс этган видео тарқалди.

“Тошкент метрополитени” ДУК матбуот хизмати раҳбари Тўйчи Мирзаевнинг маълум қилишича, жорий йил 7 февраль куни соат 08:55 ларда Чилонзор йўналишининг “Ҳамид Олимжон – Амир Темур хиёбони” перегонида ҳаракатланаётган 10-сонли ҳаракат таркибида техник носозлик ҳолати кузатилган. Бунинг натижасида ушбу ҳаракат таркиби 3 дақиқа вақт давомида ҳаракатлана олмаган. Шу сабабли ортдан келаётган 4-сонли ҳаракат таркиби билан тиркамага олинган ҳолда ҳаракат таркиби текширув йўлаги томон юборилган. 

Метро хизматидан ҳар куни миллионлаб йўловчилар фойдаланади. Жамоат транспортининг бу тури фойдаланувчилар учун қанчалик хавфсиз ва қулай? Метролардаги ҳар бир вагонга ўрнатилган йўловчи ва машинист учун махсус алоқа мосламаси тўлиқ ишлайдими? Умуман метронинг техник ҳолати қай тартибда назоратдан ўтказилади? 

– Тошкент метрополитени йўналишларида ҳаракатланаётган барча турдаги ҳаракат таркибларининг вагонлари йўловчи ва машинист ўртасида алоқа ўрнатиш учун махсус қурилмалар билан жиҳозланган, – дейди Тўйчи Мирзаев. – Ушбу қурилмалар техник жиҳатдан доимий равишда фаол ҳолатда ишлайди. Ҳаракат таркиблари ва қурилмалар электродеполарда тизимли равишда белгиланган жадвал бўйича техник кўрикдан ўтказиб келинади. 

Бугунги кунда Тошкент метрополитенининг умумий узунлиги 70 кмдан зиёдни ва бекатлар сони 50 тани ташкил этмоқда. Тизимда 5 минг 700 нафардан зиёд ишчи ҳодим фаолият юритади. Шуни ҳам алоҳида қайд этиш лозимки, Тошкент метрополитенида хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш фақат соҳа вакилларигагина боғлиқ эмас. 

Албатта, иш жараёнида метро ходимларидан қўшимча масъулият ва жавобгарлик талаб этилади. Ҳаракат давомида юзага келган носозликни зудлик билан бартараф этиш мақсадида белгиланган йўриқномага асосан ҳаракат таркиби машинистларига хизмат вазифасига қўшимча равишда амалиётда техник ёрдам кўрсатиш тартиби ўргатиб борилади ва бу каби вазиятларда носозликни бартараф этиш учун метро стандартига кўра 5-7 дақиқагача бўлган вақт берилади. Ўз навбатида йўловчилардан ҳам бу каби ҳолатларга тўғри баҳо бериши ва метродан фойдаланиш вақтида белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиши сўралади. Бу орқали улар сифатли ҳамда тез хизмат кўрсатилишида яқиндан ёрдам беради. 

Бир кунда қарийб 700 минг нафардан зиёд йўловчи метрода ҳаракатланади. Бу ўтган даврлар билан солиштирилганда қарийб 2-3 баробарга кўпдир. Фойдаланувчилар сони ортиб бориши ўз-ўзидан метро ходимларининг иш жараёнида қўшимча масъулият ва жавобгарликни талаб қилади. 

Мутахассис келгусида Тошкент метрополитенида ҳожатхоналар фаолиятининг йўлга қўйилиши хусусида ҳам тўхталиб ўтди. 

– “Чилонзор” метро бекатида синов тариқасида ҳожатхона қурилган ва бу тажриба ўзини оқласа, бошқа бекатларда ҳам ҳожатхона қурилиши режалаштирилган, – дейди Тўйчи Мирзаев. – Ҳожатхоналар, она ва бола хоналари нафақат Тошкент метрополитени, балки дунёнинг аксарият метрополитенларида мавжуд эмас. Чунки, метро ернинг анча паст қисмида жойлашган. Метро қурилишида ҳожатхоналар фаолияти йўлга қўйилиши инобатга олинмаган. 

Бу ҳолат йўловчиларнинг метродан фойдаланиш вақти аксарият ҳолларда кам бўлиши билан изоҳланган. Тошкентда ҳам метро йўловчилари энг узоқ манзилга ўрта ҳисобда 40–50 дақиқа атрофида етиб боради. Аммо барибир метро бекатларида ҳожатхоналар қуриш, тиббий пунктлар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА