Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Подшоҳлар учун дастур” – аштархонийлар даврининг сиёсий ва ҳарбий кўзгуси
07:18 / 2026-01-19

Ўзбек давлатчилиги тарихининг шундай мураккаб даврлари борки, унда содир бўлган воқеалар, сиёсий тўқнашувлар ва ҳарбий юришлар тафсилоти бизгача етиб келишида муаррихларнинг хизмати беқиёсдир.

XVII асрнинг сўнгги чораги – аштархонийлар сулоласи ҳукмронлиги даври ана шундай зиддиятли ва таҳликали паллалардан бири ҳисобланади. Бу давр манзараларини келажак авлодга аниқлик ва холислик билан етказган, бир қўлида қилич, бир қўлида қалам тутиб ватанга хизмат қилган шахс – Хожа Самандар Термизийдир. Унинг “Дастур ул-мулук” (“Подшоҳлар учун дастур”) асари нафақат ҳукмдорларга ўгит берувчи рисола, балки ўз даврининг жонли солномаси сифатида ҳам қимматлидир.

Манбаларда келтирилишича, адибнинг асл исми Муҳаммад Бақо бўлиб, адабий ва илмий давраларда “Самандар” тахаллуси билан шуҳрат қозонган. Унинг ҳаёти сокин ҳужраларда эмас, балки шиддатли жанг майдонларида, саройнинг қизғин сиёсий жараёнлари ичида кечган. Хожа Самандар жонийлар (аштархонийлар) сулоласининг икки йирик вакили – Абдулазизхон ва Субҳонқулихон давридаги ҳарбий сафарларда бевосита иштирок этган. Айнан шу омил – воқеаларнинг қоқ марказида бўлиш, жанг гувоҳига айланиш – унинг асарларига ўзгача ишонч ва руҳ бағишлайди. 1695 йиллар атрофида, Субҳонқулихон ҳукмронлиги даврида ёзиб тугатилган “Дастур ул-мулук” асари шу жиҳати билан бошқа тарихий манбалардан ажралиб туради.

Асарнинг тарихий қиммати шундаки, у 1681–1695 йиллар оралиғида Бухоро хонлигида юз берган ҳарбий-сиёсий талотумларни ўта аниқлик билан тасвирлайди. Хусусан, Хива хони Анушахон ва унинг ворислари томонидан Бухоронинг марказий шаҳарларига уюштирилган муттасил ҳужумлар тафсилоти муаллиф томонидан куюниб баён этилган. Анушахон қўшинларининг Самарқанд, Қарши ва Косон ҳудудларида амалга оширган талончиликлари, йўлтўсарлик ва аҳолига етказилган жабр-зулмлар шунчаки қуруқ қайдлар эмас, балки халқ бошига тушган оғир синов сифатида гавдалантирилади. Муаррих бу ўринда воқеаларни қайд этиш билан чекланмай, давлат яхлитлиги ва юрт тинчлигини сақлаш қанчалик машаққатли вазифа эканини уқтиради.

“Дастур ул-мулук”да ватан ҳимояси йўлида жон фидо қилган қаҳрамонлар жасорати алоҳида эҳтиром билан тилга олинади. Субҳонқулихоннинг ишончли саркардаларидан бири Муҳаммад Саид хожа нақибнинг қаҳрамонлиги бунга яққол мисолдир. Манбада ёзилишича, душман Фўлоди қишлоғида катта куч билан ўрнашиб олганда, нақиб бор-йўғи икки юз нафардан камроқ сараланган навкарлари билан жангга киради. Сон жиҳатидан бир неча баробар устун бўлган ғанимга қарши тик бориш – бу фақат ҳарбий маҳорат эмас, балки юксак ватанпарварлик ва руҳий қудрат белгиси эди. 

Шунингдек, асарда Неъматуллоҳхожа эшикоғабошининг Миёнқол ва Дабусия атрофидаги жанглардаги иштироки ҳам ёрқин бўёқларда тасвирланган. Унинг “тилла суви юритилган қилич” билан ғаним сафларини ёриб ўтиши, Ёдгорбий минг Ниёз ва Раззоқбердибий ўғилларининг қиличбозликдаги маҳорати манбалар орқали бизгача етиб келди. Бу номлар бугунги авлод учун шунчаки тарих саҳифасидаги ёзувлар эмас, балки аждодларимизнинг мардлик мактаби намунасидир. Хожа Самандар Термизий ушбу шахслар тимсолида давлат таянчи бўлган садоқатли ўғлонлар сиймосини яратган.

Воқеалар ривожида ҳарбий ҳийла ва ақл-идрокнинг ўрни ҳам усталик билан очиб берилган. Ғиждувон яқинидаги Жилвон канали бўйида юз берган ҳодиса бунинг исботидир. Анушахон катта қўшин тўплаб, Бухорони забт этиш илинжида турганида, Субҳонқулихон вазиятни тўғри баҳолайди. Ҳукмдор ўз амирларига душман йўлини эпчиллик билан тўсишни буюради. Натижада, Хожа Хованд Маҳмуд Аҳрорий етказган хабарга кўра, тунда “Сурайё юлдузларидек тўпланган” душман кучлари “Катта айиқ юлдузлари каби бўлиниб”, жангсиз ортга қайтишга мажбур бўлади. Муаррих қўллаган ушбу гўзал ташбеҳ тарихий ҳақиқатни бадиий жозиба билан ифодалашнинг нодир кўринишидир.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Хожа Самандар Термизийнинг “Дастур ул-мулук” асари – ўзбек халқининг шонли ва айни пайтда машаққатли ўтмишидан дарак берувчи меросдир. Ундаги ҳар бир сатр тинч ва осуда ҳаёт ота-боболаримизнинг заҳматли меҳнати эвазига бунёд этилганини эслатиб туради. Тарихий хотирани тиклаш, буюк аждодларимиз қолдирган илмий ва маданий бойликларни чуқур ўрганиш – миллий ўзликни англашнинг муҳим шартидир. Зеро, ўз тарихини билган ва ундан тўғри хулоса чиқарган миллатгина келажакка ишонч билан қарай олади.

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА