French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Подшо ота” сойи: туризм учун янги имкониятлар
13:32 / 2026-01-29

Сўнгги йилларда Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидаги Нанай, Мамай, Заркент, Қизилёзи маҳаллалари ҳудудларида туристик манзилларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли сайёҳлар оқими ортиб бормоқда.

Айни кунларда тоғолди ва адирли жойлардаги мавжуд экотуризм имкониятларидан унумли фойдаланиш мақсадида  янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳи “Туризм қишлоғи” мақомини олган Нанайда бўлиб, Зарбдор маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтган “Подшо ота” сойида сунъий кўл ташкил этиш лойиҳаси билан танишди.

Мазкур истиқболли лойиҳага асосан, олти гектар ер майдонида ташкил этиладиган сунъий кўл қирғоқ минтақаларида меҳмонхоналар, ресторан, саломатлик йўлаги, дам олиш масканлари, сайлгоҳ, аттракцион ва автотураргоҳлар барпо этилади.

“Подшо ота” сойининг Қизилёзи маҳалласи ҳудудидан ўтган қисми соҳил бўйларида бўш турган икки гектар ер майдонида бунёд қилиниши мўлжалланган “Заркент” ва 40 сотих ердаги “Орзу грант” мажмуалари замонавий архитектура ечимлари асосида барпо этилади. Лойиҳалар доирасида капсула шаклидаги дам олиш уйчалари, баскетбол, футбол, волейбол ва воркаут майдончалари, фавворалар, бассейн, хостел ҳамда автотураргоҳлар қурилиши режалаштирилган.

[gallery-27356]

Вилоят раҳбари лойиҳаларни амалга оширишда сифат, хавфсизлик ва экологик талабларга қатъий риоя этиш, ҳудудда сунъий кўл яратиш лойиҳаси устида ишлаш юзасидан тегишли ташкилотлар мутасаддиларига кўрсатмалар берди.

Ушбу бизнес лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши орқали ҳудудда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, аҳоли учун янги иш ўринлари яратиш, хизматлар соҳаси салоҳиятини ошириш ҳамда маҳаллий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш кўзда тутилмоқда.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.