Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Подполковникнинг ибратли йўли
14:35 / 2026-01-14

ФОТОРЕПОРТАЖ

Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги тасарруфидаги ҳарбий қисмлардан бирининг батальон командири, подполковник Адҳамжон Нуриддинов ҳарбийлик соҳасида қарийб 20 йиллик тажрибага эга.  

2011 йили Чирчиқ олий танк қўмондонлиги муҳандислик билим юртини имтиёзли равишда тамомлаган ёш ҳарбий бир муддат қадрдон таълим даргоҳида фаолият кўрсатди. Гуруҳ ва взвод командири сифатида назарий ва амалий билимларни ўзаро уйғунлаштирган ҳолда Мудофаа вазирлиги томонидан ўтказилган кўрик-танловларда мунтазам равишда ғолибликни қўлга киритди. Шунингдек, у ҳарбийлар ўртасидаги спорт мусобақаларида доимо шоҳсупанинг энг юқори поғонасини забт этиб келмоқда. 2014 йилдан Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ сержантлар тайёрлаш маркази взвод командири, 2018 йилдан ушбу округга қарашли ҳарбий қисмда батальон командирининг биринчи ўринбосари – штаб бошлиғи, 2022 йилдан Марказий ҳарбий округ ҳарбий қисм батальон командири, 2024 йилдан буён эса Шарқий ҳарбий округ батальон командири сифатида фаолият кўрсатмоқда.  

Подполковникнинг оиласи ҳам ибратга арзигулик. Оила бекаси педагог, оилада Азизбек, Афруза ва Умарбеклар яхши таълим-тарбия олмоқда. Тўнғич фарзанд – 10 ёшли Азизбек математика фанидан бир неча танловлар ғолиби, у эндиликда халқаро мусобақаларда иштирок этиш учун тайёргарлик кўрмоқда. Афруза ва Умарбеклар шифокор бўлишни мақсад қилган.  

[gallery-27103]

– Яқин истиқболда Қуролли Кучлар академиясида ўқиш ҳамда амалий билим-кўникларимни янада мустаҳкамлаш ниятидаман, - дейди подполковник А. Нуриддинов. – Инглиз ва рус тилларини мукаммал ўрганиб, 2023 йилда Ҳиндистон олий офицерлар курсида уч ой мобайнида малака ошириб келганман. Ўтган йилларда ҳарбийлар учун таъсис этилган кўплаб эсдалик медаллари ҳамда кўкрак нишонлари билан тақдирландим.  

Ватан ҳимоячилари куни байрами ушбу оилада катта тантана сифатида нишонланади. Оила аъзолари шу муносабат билан ташкил этиладиган ҳарбий парадда қатнашиб, ҳарбий қисмларга саёҳат орқали олам-олам завқ олади.

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА